18:17 / 26.11.2020
3310

Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантиришга 772,2 млн доллар кераклиги маълум қилинди

АОКА залида «Тошиссиққуввати» давлат унитар корхонаси директори ўринбосари Азиз Сайфуллаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик энергияси билан таъминлаш бўйича юзага келаётган муаммолар, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган тезкор чоралар ҳақида маълумот берилди.

«Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим омиллардан бири саналади», — деди А.Сайфуллаев.

Қайд этилишича, “Toshissiqquvvati”  ДУК томонидан пойтахтдаги 12 801 та  бино-иншоотларга иссиқлик энергияси етказилмоқда, жумладан:

  • 9200та кўп квартирали уйларга; 
  • 524та даволаш муассасаларига;
  • 498та мактабларга;
  • 635та болалар боғчасига;
  • 514та олий ва  ўрта махсус таълим муассасаларига;
  • 1430та бошқа объектларга иссиқлик энергияси етказиб берилмоқда.

Таъкидланишича, ҳозирги вақтда барча иссиқлик тармоқларининг 72 фоизи (17 йилдан ортиқ) фойдаланиш муддатини ўтаб бўлган, яъни 1940 км узатувчи қувурлар (970 км канал) алмаштирилиши кўзда тутилмоқда.

Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизимини замонавий энерготежамкор технологиялар асосида ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон президентининг 2019 йил 2 декабрдаги “Тошкент шаҳрининг иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4542-сонли қарори имзоланган.

Қарор билан 2020-2022 йилларда Тошкент шаҳри иссиқлик таъминоти тизими самарадорлигининг асосий мақсадли индикаторлари тасдиқланиб, 2023 йилгача 358,5 км қувурларни алмаштирилиши (қайта ётқизиш) кўзда тутилган. Бундан 2021 йилда — 157,3 км қувурлар, 2022 йилда — 201,2 км қувурлар алмаштирилади.  

Top