Ўзбекистон | 09:52 / 29.11.2020
10912
3 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз”: Бошқарув раиси Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳолатини ўрганди

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида бўлиб, суюлтирилган газ қуйиш цехида амалга оширилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

 “Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида мавжуд пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмасининг 1-,2-,5-навбатларини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида йиллик суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажми қўшимча 61 минг тоннага ошишини инобатга олган ҳолда, суюлтирилган газ қуйиш цехида қўшимча 7 дона маҳсулот сақлаш идишларини ўрнатиш ва ишга қўшиш ишлари ҳамда цехда мавжуд 18 та 200 куб метр ва 18 та 250 куб метрлик маҳсулот сақлаш идишларининг ишчи ҳолати ўрганилди.

 Таъкидлаш керакки, 2019 йилда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналар томонидан аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун кунлик ўртача 1299 тонна суюлтирилган газ юкланган бўлса, 2020 йилнинг 1-ярмида мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиб, қурилмаларни узлуксиз, бир маромда ва тўхталишларсиз ишлатиш ҳисобига, ўртача 1370 тонна суюлтирилган газ “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда юкланган.

 Маҳаллийлаштириш дастури доирасида “Ўзбекхиммаш” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган, сиғими 200 куб метрдан бўлган етти дона суюлтирилган газни сақлаш идишларини ўрнатиш билан боғлиқ барча ишлар якунланган. Маҳсулот сақлаш майдончаси атрофида ободонлаштириш, жумладан, бўёқлаш, изоляция қилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

 Ташриф давомида хўжаликда олиб борилган ишлар ва республика аҳолисининг маиший эҳтиёжи учун етказиб бериладиган суюлтирилган газ маҳсулоти реализацияси билан танишилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортаётганлигини инобатга олиб, янги ўрнатилган маҳсулот сақлаш идишларини тармоққа улаш, аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда сусткашликка йўл қўймаслик, кеча-ю кундуз иш ташкил қилиб, максимал даражада аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш кераклиги тўғрисида топшириқлар берилди.

 Таъкидлаш керакки, август–октябр ойларида “Муборак” газни қайта ишлаш заводи ҳамда Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича қўшимча қувватларнинг фойдаланишга топширилиши натижасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги корхоналари томонидан аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун кунлик 1800 тоннадан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

 Суюлтирилган газга бўлган катта эҳтиёжни ҳисобга олиб, декабр ойида “Газли” газни қайта ишлаш заводида пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси фойдаланишга топширилади. Бунинг натижасида йилига қўшимча равишда 80 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

 “Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ
 

Мавзуга оид