21:52 / 30.11.2020
7776

Арманистон бош вазирининг Москвага ташрифи бекор қилинди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян декабр бошида Москвага ташриф буюрмайдиган бўлди. Бунга Евросиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитини видеоанжуман шаклида ўтказишга қарор қилингани сабаб бўлган.

Фото: EPA/Vostock-photo

“Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг 4 декабрдаги  йиғилиши ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг саммитини видеоанжуман шаклида ўтказишга қарор қилингани сабабли Арманистон бош вазири Москвага бормайди”, деб маълум қилинган Пашинян матбуот хизматида.  

Бундан аввалроқ, 30 ноябрда Арманистон бош вазири россиялик ҳамкасби Михаил Мишустин билан телефон орқали мулоқот қилган.  

Мишустин суҳбат давомида эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб Евроосиё иқтисодий комиссиясига Москвада ўтказилиши керак бўлган йиғилишни видеоанжуман шаклида ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилганини маълум қилган. Иккала бош вазир, шунингдек, Россия ва Арманистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатларига тегишли бир қатор масалаларни муҳокама қилган.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг Коллектив хавфсизлик кенгаши сессияси 2 декабрда Россия президенти Владимир Путин раислигида онлайн режимда бўлиб ўтади. 

Аввалроқ Пашинян Россияга ташриф буюрмоқчи бўлаётгани маълум қилинганди. Арманистон ҳукуматидаги манба Пашинян Москвага 3 декабрда бормоқчилигини, у Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида иштирок этишини маълум қилган. 

Top