Ўзбекистон | 20:27 / 30.11.2020
3631
2 дақиқада ўқилади

Йил давомида 170та истеъмолчи электр энергиясини ўғирлагани учун тармоқдан узилди — инспекция

Ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари натижасида тизимга етказилган зарар 76 677,3 МВт/соат электр энергиясини ташкил этади, деб маълум қилди Электр энергетикада назорат инспекцияси расмийси.

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси матбуот котиби Наврўз Норбобоев инспекция фаолиятига оид айрим рақамларни келтириб ўтди.

Наврўз Норбобоев

Унинг сўзларига кўра, инспекция Мажбурий ижро бюроси ва «Ҳудудий электр тармоқлари» корхоналари билан ҳамкорликда ўтказган назорат ишларида, 212та истеъмолчи электр энергиясидан фойдаланишда қоидабузарликка йўл қўйгани аниқланган. Улардан 170таси тармоқдан узилган.

«Ўрганишлар жараёнида истеъмолчилар томонидан электр энергиясидан фойдаланишда қоидабузарликларга йўл қўйиб, электр энергиясини ўғирлаш ҳолатлари аниқланди ҳамда 170 та истеъмолчиларнинг электр қурилмалари тармоқдан ажратилди.

Мазкур қоидабузарлик ҳолатлари сабаб етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинганида, 76 677,3 МВт/соат электр энергияси йўқотилгани аниқланди. Айни пайтда келтирилган зарарни қоплаш юзасидан барча қонуний чоралар кўрилган.

2020 йилнинг ўтган даврида мутахассисларимиз томонидан 6 837 та янги ишга тушириладиган объектларнинг электр таъминоти лойиҳалари экспертизадан ўтказилди. Қуввати жами 945 МВтдан ортиқ 4 160 нафар истеъмолчининг қурилмалари электр тармоқларига уланишида кўрикдан ўтказилди.

Шу билан бирга, янги қурилган ва реконструкция қилинган 149 та объектни қабул қилиш ишчи комиссиясида иштирок этилди ҳамда 23 та электротехник лабораторияларнинг техник ҳолати ўрганиб чиқилди», – деди Наврўз Норбобоев 30 ноябрь кунги брифингда.

Мавзуга оид