Ўзбекистон | 22:57 / 02.12.2020
2388
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2020 йилнинг 10 ойида режадагидан 5 фоизга кўп электр энергияси ишлаб чиқарилгани айтилди

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 86 фоизи ИЭСлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Мамлакатда 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб 2 баробарга ортиши маълум қилинди.

Тахиатош ИЭС / Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

«Иссиқлик электр станциялари» АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов ИЭСда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида ахборот берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг ўтган 10 ойи давомида республикада 48,5 млрд КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган, бу – жорий режага нисбатан 5 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,5 фоизга кўпни ташкил этмоқда.

«2019 йилда Ўзбекистондаги иссиқлик электр станциялари томонидан 56,4 млрд КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу миқдор 2015 йилга нисбатан 20 фоизга ошганига қарамай, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳоли эҳтиёжлари ортиши ҳисобига 2030 йилга бориб электр энергиясига бўлган талаб 2 баробарга ўсиши кутилмоқда.

Бунда кўзда тутилаётган эҳтиёжлар учун атом электр станцияси ва муқобил энергия манбаларига асосланган электростанциялар ишга туширилиши кўзда тутилган бўлса-да, асосий юк ИЭС зиммасига тўғри келмоқда.

Истеъмол ортиши ҳисобига инвестиция лойиҳалари доирасида 2020 йил якунига қадар жами 1177 МВт янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади. Бугунги кунга қадар шундан 805 МВт энергоблоклар фойдаланишга топширилди.

Булар – Тўрақўрғон ИЭСда 450 МВтли иккинчи, Тахиатош ИЭСда 280 МВтли биринчи буғ-газ қурилмалари ишга туширилди ҳамда Сирдарё ИЭСда 6-энергоблокнинг қуввати 75 МВтга оширилди. Қолган 375 МВтга тенг қувватлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Республикада жами электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмидаги ИЭСнинг улуши қарийб 86 фоизни ташкил қилади.

Энергетика вазирлиги томонидан тасдиқланган 2020–2030 йилларда «Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси»га биноан, 2030 йилгача 70 млрд КВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади», – деди корхона расмийси.

Муҳаммаджон Бекмуҳаммедовнинг айтишича, Тахиатош ИЭСда ҳар бирининг қуввати 280 МВтга тенг 2 та буғ-газ қурилмасини бунёд этиш бўйича Жанубий Кореянинг Hyundai консорциуми иштирокида умумий қиймати 678,2 млн долларга тенг халқаро лойиҳа амалга оширилмоқда.

«Биринчи буғ-газ қурилма айни пайтда синов-тест режимида ишламоқда. Иккинчи қурилма ҳам яқин кунларда ишга туширилади.

Станцияда 1 КВт токни ҳосил қилиш учун сарфланаётган 430,3 грамм ёқилғи ўрнига янги қурилмада бу миқдор 266 грамм КВт соатни ташкил этади. Бу ўз навбатида йилига 488,6 млн кубометр газни тежаш имконини беради.

Шу билан бирга, иссиқлик энергиясининг 139 минг гегаколорияга ошиши ҳисобига қўшимча равишда 100 та мактабни, 200 та болалар боғчасини, 10 та йирик корхонани иссиқлик билан таъминлаш имконияти яратилади», – дея «Иссиқлик электр станциялари» АЖ расмийсининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид