Ўзбекистон | 09:13 / 04.12.2020
4643
4 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларни ҳисобга олиш тартиби ўзгариши мумкин

Тошкент шаҳрида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш тартибини такомиллаштириш мақсад қилинган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент шаҳрида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Тошкент шаҳрида ижтимоий уй-жойларга мурожаат қилиш давлат хизматини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва Давлат хизматлари марказлари орқали жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Тошкент шаҳрида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан ижтимоий уй жойларга мурожаат қилиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланади.

Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали туман ҳокимликлари томонидан кўрсатилади.

Тошкент шаҳрида уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан ижтимоий уй жойлар олиш ўрнатилган тартибда Турар жой масалалари бўйича комиссия қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Давлат хизматини кўрсатишда иштирок этувчи ташкилотлар:

  • Мудофаа бўлими (ариза берувчининг доимий рўйхати бўйича);
  • Соғлиқни сақлаш бўлими;
  • Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими;
  • Халқ таълими бўлими;
  • Пенсия жамғармаси;
  • Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими;
  • Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри бошқармаси туман бўлими.

Ариза берувчиларни уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган талабгорлар реестрига киритиш ва шу асосда фуқароларга уй-жойларни ҳисобга қўйиш вақти, аҳоли пунктида фойдаланишга топширилаётган, бўшаётган уй-жойларнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда, рўйхатда белгиланган навбат тартибида уй-жой ажратиш комиссияси, масъул ташкилотлар томонидан қонунийлик, шаффофлик, адолат ва ҳаққонийлик тамойиллари асосида амалга оширилади.

Давлат хизмати жисмоний шахсларга ёки уларнинг ишончли вакилларига кўрсатилади.

Қуйидагилар уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича давлат хизматидан фойдаланиши мумкин:

  • турар жой майдонига эга бўлмаган ёки яшаш учун яроқсиз уй-жойлар (бараклар, вақтинчалик уйлар, авария ҳолатидаги уйлар, ертўлалар)да яшовчи фуқаролар;
  • ҳар бир оила аъзоси ўн олти квадрат метрдан, кресло-аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун — йигирма уч квадрат метрдан кам бўлган турар жой билан таъминланганлар;
  • ётоқхоналарда, ишлаб чиқариш ва хизмат хоналарида яшовчилар, бундан мавсумий ва вақтинчалик ходимлар шунингдек, ўқишлари сабабли ётоқхоналарга кўчиб ўтган фуқаролар мустасно;
  • қариндошлик алоқалари бўлмаган икки ва ундан кўп оила бўлиб бир квартирада яшовчилар;
  • уй-жой ажратилаётган аҳоли пунктида камида уч йил доимий рўйхатда турган фуқаролар.

Қуйидагилар аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан турар жой бериладиган фуқаролар ҳисобланади:

  • 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва байналминал жангчилар;
  • шартнома бўйича ҳарбий хизматдан захирага бўшатилган ёки истеъфога чиққан ҳарбий хизматчилар;
  • алоҳида квартирада яшашга муҳтож бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган айрим сурункали касалликларнинг оғир шаклларига чалинганлар;
  • 16 ёшгача етти нафар ва ундан зиёд болалари бўлган кўп болали оилалар;
  • чин етим болаларни васийликка олган оилалар;
  • уч нафар ва ундан зиёд меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган оилалар;
  • ишламайдиган I ва II гуруҳ ногиронлари;
  • кексайиб қолган ёлғиз пенсионерлар — ёлғиз яшайдиган кексалар, вояга етмаган болалар ёхуд қамоқда ва жазони ўташ муассасаларида, узоқ муддат даволанишда бўлган шахслар билан бирга яшайдиган ўзгалар парваришига муҳтож бўлган пенсия ёшидаги шахслар (60 ёшга етган эркаклар, 55 ёшга етган аёллар);
  • болаликдан ногирон бўлиб қолган 16 ёшгача ёки болаликдан I ва II гуруҳ ногирони бўлиб қолган болалари бўлган оилалар.

Мавзуга оид