18:26 / 05.12.2020
8677

Элдор Шомуродов – ОФК томонидан ҳафтанинг энг яхши футболчиси деб топилди

Осиё футбол конфедерацияси расмий сайти сўнгги бир ҳафта давомида хориж чемпионатларида ўзини кўрсата олган осиёлик футболчиларни эътироф этиб, ҳафта қаҳрамонини аниқлаш учун сўровнома ўтказди.

Беш кун давомида ОФК сайтида ўтказилган сўровнома якунларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Женоа» клуби форварди Элдор Шомуродов ҳафтанинг қитъадан ташқарида тўп сураётган осиёлик энг яхши футболчисига айланди.

Ўзбекистонлик ҳужумчи жами овозларнинг қарийб ярми - 46%га эга чиқди. Бу борада Элдорни таъқиб этган эронлик форвард Шаҳоб Зоҳиди эса 29% фоиз овоз тўплаган.

Элдор Шомуродовдан ташқари, сўровномада ҳафта қаҳрамони бўлиш учун Жунья Ито (Япония), Такэхиро Томиясу (Япония), Авер Мабил (Австралия), Карим Ансарифард (Эрон), Даичи Камада (Япония), Никита Рукавица (Австралия), Аҳмад Ёсин (Ироқ), Шаҳоб Зоҳиди (Эрон), Парвизжон Умарбоев (Тожикистон) даъвогарлик қилаётганди.

Эслатиб ўтамиз, Шомуродов душанба куни А Серия доирасидаги «Женоа» - «Парма» (1:2) баҳсида Италия чемпионатидаги илк голини киритганди. «Женоа»нинг навбатдаги баҳси душанба куни «Фиорентина»га қарши ўтади.

Top