Мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун бешта туман ҳокимига ҳайфсан эълон қилинди
Жорий пахта мавсумида мажбурий меҳнат бўйича энг кўп ҳолат Наманган вилоятида аниқланган.
Жорий йилнинг 4 декабр куни Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш миллий комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2020 йилги пахта мавсумида кузатилган мажбурий меҳнат ҳолатлари бўйича ахборот берилди.
Kun.uz мухбири хабарига кўра, пахта мавсуми билан боғлиқ энг кўп мажбурий меҳнат ҳолати Наманган вилоятида аниқланган. Республика бўйича қайд этилган ҳолатларнинг 42,2 фоизи ушбу ҳудуд ҳисобига тўғри келади. Бир неча бор огоҳлантиришларга қарамай, пахта масалаларига туман ҳокимлари аралашуви ҳам вилоятда қайд этилган.
Шунингдек, мавсум давомида мажбурий меҳнатга жалб қилиш бошқа ҳудудларда ҳам, хусусан, Жиззах вилоятида 7 та, Тошкент вилоятида 6 та, Сурхондарё вилоятида 5 та, Хоразм вилоятида 3 та, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Навоий, Фарғона вилоятларида биттадан кузатилган. Бундан ташқари, 61 та ҳолатда меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, 34 та ҳолатда меҳнат шароитлари яратилмаганлиги, 13 та ҳолатда меҳнат вазифасини бажармаганлиги, 17 та ҳолатда иш ҳақининг ўз вақтида тўланмаслиги аниқланган.
“Мажбурий меҳнатга шароит яратиб берилганлиги учун 5 та туман ҳокимига чора кўриш бўйича киритилган таклифларимиз қўллаб-қувватланиб, Вазирлар Маҳкамаси фармойишига асосан Чортоқ (А.Отахўжаев), Учқўрғон (А.Ваҳобов), Оҳангарон (А.Абдуллаев), Ўрта Чирчиқ (О.Нурматов), Урганч (Ф.Шарипов) туман ҳокимларига “ҳайфсан” берилди ва ушбу ҳолат яна такрорланадиган бўлса, эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши бўйича огоҳлантирилди”, – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.
Йиғилишда 2020 йил давомида меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 170 нафар мансабдор шахсга жами 652 млн сўмдан зиёд миқдорда маъмурий жарима тайинлангани, мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 42 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилгани айтиб ўтилди.
Комиссия йиғилиши хулосасига асосан, 2021 йилдан бошлаб нафақат пахтачилик, балки бошқа соҳаларда ҳам йўл қўйилаётган мажбурий меҳнат ҳолатлари мониторингини юритиш бўйича кўрсатма берилди.
Мавзуга оид
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
16:34 / 18.11.2024
“Манзил”: Денгиз сатҳидан 3000 метр баландликдаги кўл – Арашан булоққа саёҳат
10:31 / 15.11.2024
Урганч ва А380 трассаси ўртасидаги 81 км йўл реконструкция қилинади
21:21 / 13.11.2024