Жаҳон | 20:44 / 07.12.2020
4952
2 дақиқада ўқилади

Николас Мадуро Венесуэла парламенти устидан назоратни ўзига қайтара олди

Венесуэлада ўтган парламент сайловлари натижаларига кўра амалдаги президент Николас Мадуро парламент устидан назоратни ўзига қайтара олди. Сайловларда президентни қўллаб-қувватловчи алянс кўпчилик овоз олди. Мухолифатнинг катта қисми сайловларга бойкот эълон қилди ва экспертлар мамлакатда қарама-қаршилик кескинлашишини айтишмоқда.  

Фото: AP Photo/Matias Delacroix

82 фоиз овозлар ҳисоблаб чиқилгандан кейин Мадуро ўз иттифоқдошлари билан 67,7 фоиз овоз олгани маълум бўлган. 2-ўринни “Демократик алянс” мухолифат блоки 18 фоиз овоз билан эгаллаган.  

Маълум қилинишича, сайловлардаги давомат 31 фоизни ташкил қилган. Бироқ парламент раисининг биринчи ўринбосари Хуан Пабло Гуанипа бу маълумотларни рад этган. Унинг фикрича, давомат 20 фоиздан ҳам ошмаган. У Twitter’да сайловчиларнинг бир қисми сайлов участкаларига босим остида келганини маълум қилган. Бундан ташқари, мухолифат сайлов натижаларини тан олмоқчи эмас.   

Венесуэла парламенти – Миллий ассамблея 5 йилга сайланади. Сайлов олдидан депутатлар сони 167 нафардан 277 нафаргача кўпайтирилган. Миллий сайлов кенгаши раиси Индира Алфонсо буни сайловларда иштирок этишни истовчи партиялар сони кескин кўпайгани билан тушунтирган.

Ҳаммаси бўлиб сайловда 107та партиядан 14 минг номзод иштирок этган. 

5 йил аввал сайловни мухолифат – “Демократик бирдамлик давра столи” блоки ютган ва 109 ўрин олган. Ўшанда Мадурони қўллаб-қувватловчи Ягона социалистик партия 16 йил ичида биринчи марта мағлубиятга учраган. Ҳозир мухолиф кучлар Мадуро мухолифат ғалаба қилса истеъфога кетишга ваъда берганига қарамай, мухолифат ичида парчаланиш бўлгани сабабли 5 йил аввалги натижани такрорлай олишмаган.

Венесуэлада 2019 йил январда мухолифат етакчиси Хуан Гуайдо ўзини мамлакат раҳбари деб эълон қилгандан кейин вазият кескинлашганди. Уни АҚШ ва Европанинг кўплаб давлатлари қўллаб-қувватлаган. Амалдаги президент Мадуро буни давлат тўнтарувига уриниш деб атаган. Ўз навбатида, Мадурони Россия, Беларус, Хитой, Эрон, Туркия, Сурия, Куба ва Никарагуа қўллаб-қувватлаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид