Самарқандда 2021 йилдан бошлаб иқтисодий ривожланишда оқсаётган ҳудудлар камроқ солиқ тўлайди
5 декабр куни Самарқандда халқ депутатлари вилоят ва туман/шаҳар кенгашлари депутатлари иштирокида Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетининг кутилаётган ижроси ҳамда 2021 йилга мўлжалланган лойиҳаси муҳокама қилинди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармасининг Kun.uz’га хабар беришича 2021 йилда маҳаллий бюджетлар даромадлари таркибида деярли ўзгариш бўлмайди.
Даромадлар прогнози 2 трлн 657 млрд сўм (2020 йил кутилаётган тушумларга нисбатан 113 фоиз) миқдорида бўлиши кутилмоқда. Акциз солиғи тушумларини тақсимлаш тартиби ўзгармайди.
Шу даврга қадар базавий ставка вилоят марказлари, кичик шаҳарлар ҳамда туманлар учун алоҳида-алоҳида белгиланган бўлиб, бутун туман учун бир хил ставка қўллаб келинган.
Мисол учун, Иштихон туманидаги «Иштихон» маҳалласи билан «Орлот» маҳалласи амалдаги қонунчиликка биноан бир хил солиқ тўлаши керак.
2021 йилда қонунчиликка киритилаётган ўзгаришларга мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар учун базавий солиқ ставкасидан келиб чиқиб туман ва шаҳарлар кесимида уларнинг иқтисодий ривожланишига қараб, камайтирувчи ва оширувчи коэффициентини қўллаш ваколатлари берилмоқда.
Шу сабабли, вилоят Халқ депутатлари кенгаши ҳудуднинг иқтисодий ривожланишига қараб ер солиғига ставкасига 0,5 фоиздан 2 фоизгача миқдорда камайтирувчи ва оширувчи коэффициент қўллаш, туман халқ депутатлари кенгаши (вилоят белгилаганига нисбатан) 0,7 фоиздан 1,3 фоизгача миқдорда камайтирувчи ва оширувчи коэффициентини белгилаш ҳуқуқи берилмоқда. Шу билан солиқ солишнинг адолатлилик тамойили таъминланади ҳамда ҳудуднинг ривожланишига қараб бюджетга қўшимча даромад шаклланади.
2021 йил учун Самарқанд вилояти маҳаллий бюджетнинг жами харажатлари 3 трлн 742 млрд сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Таъкидланишича, маҳаллий бюджет харажатларининг 80 фоизи ёки 2 трлн 400 млрд сўмни иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ташкил этади.
Вилоят бюджети харажатларини соҳалар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, ижтимоий соҳа харажатлари 2 трлн 675,1 млрд сўм ташкил этмоқда.
Келгуси йилда мактабгача таълим соҳасига 169,9 млрд сўм ёки ўтган йилга нисбатан 117 фоизга кўпроқ маблағ сарфланиши кўзда тутилмоқда. Биргина озиқ-овқат харажатлари учун 93,8 млрд сўм ёки 2020 йилга нисбатан 16 фоизга кўпроқ маблағ ажратилади.
Умумий ўрта таълим соҳаси харажатларига 322,6 млрд сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига 1 трлн 365,6 млрд сўм ёки 2020 йилга нисбатан 110 фоизга кўп миқдорда маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Жумладан, биргина дори-дармон ва боғлов воситалари учун харажатлар 94,1 млрд сўм ёки 2020 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан 12 фоизга кўпаймоқда.
Маданият соҳаси харажатлари 42,5 млрд сўмни ёки ўтган йилга нисбатан 103 фоиз, Спорт тадбирларини ўтказиш учун 59,5 млрд сўм ёки 2020 йилги тасдиқланган параметрга нисбатан 134 фоизга кўп маблағ ажратилади.
Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ва компенсация тўловлари харажатлари 706,9 млрд сўмни ташкил этиб, бу 2020 йилги тасдиқланган параметрларга солиштирганда 1,9 баробарга кўп демакдир.
Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги сув хўжалиги ташкилотларини сақлаш учун 139,6 млрд сўм, шундан насос станциялари томонидан истеъмол қилинадиган электр энергияси харажатларини қоплаш учун 77,9 млрд сўм, насос станцияларида энергия самарадор насослар ва электродвигателларни сотиб олиш учун 6,3 млрд сўм ва энергия тежамкор қурилмалар сотиб олиш учун 2,3 млрд сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.
Ободонлаштириш ишларига 162,4 млрд сўм маблағ ажратилиши мумкин. Ушбу маблағлар 16та ободонлаштириш ташкилотларида ишловчи 4 минг ишчини сақлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш ишларига йўналтирилади.
Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини сақлаш харажатларига 166,7 млрд сўм ажратиш кўзда тутилмоқда.
Мавзуга оид
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024
“Кўп миқдорда жаримам бор эди” – Самарқандда пора олган ИИБ ходими қамалди
09:53 / 25.10.2024
Самарқандда содир бўлган ЙТҲда пиёда ҳалок бўлди
08:10 / 25.10.2024