Ўзбекистон | 08:30 / 08.12.2020
4907
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» муассислигида соҳа зиёлилари учун «O‘zbekiston neft va gaz» журнали нашр этилмоқда

«O‘ZBEKISTON NEFT VA GAZ» нашри тадқиқот натижаларини, таҳлилий мақолаларни, соҳанинг долзарб муаммоларига шарҳларни ва бошқа мунозарали масалаларни ёритиб боради.

«O‘ZBEKISTON NEFT VA GAZ» журнали Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигида 0107 рақами билан рўйхатдан ўтказилган. Журналнинг таъсисчиси «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти ҳисобланади.

Журнал ҳар чоракда, бир йилда тўрт марта нашр этилади. У Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан тавсия этилган илмий нашрлар рўйхатига киритилган.

Журнал ўзбек ва рус тилларида нашр этилиши билан бир қаторда, мақолалар инглиз тилидаги аннотация ва калит сўзларга ҳам эга.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан журналнинг таҳририят кенгаши ҳамда таҳририят ҳайъати аъзолари маҳаллий ва халқаро миқёсда танилган тадқиқотчи-олимлар, мамлакатимизнинг нефт ва газ соҳасидаги етук корхоналари раҳбарларидан иборат қилиб белгиланди.

Нашрнинг мақсади – илмий ишлар орқали журнал обуначиларига долзарб мавзуларни етказиш, ходимларнинг назарий билимларини ошириш, фундаментал, амалий, изланувчан тадқиқотларнинг янги илмий натижаларини нашр этиш, мунозарали масалалар, аналитик мақолалар, нефт ва газнинг долзарб илмий муаммоларини шарҳлашдир.

Масалан, нефт ва газ бўйича геологик қидирув ишларининг истиқболлари ва натижалари, конларни шакллантириш, жойлаштириш шартлари, қайта тиклаш қийин бўлган нефт ва газ захиралари, ноанъанавий манбалари, экологияси ҳамда нефт ва газ конларини ривожлантириш муаммолари шулар жумласидан.

Шунингдек, журнал ижодий гуруҳи томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолияти, соҳада амалга оширилаётган геологик қидирув ишлари, табиий газ қазиб чиқариш ҳамда қайта ишлаш машаққатлари ва самарадорлиги, нефт базалар фаолиятига оид материаллар ҳам эълон қилиб борилади.

Таҳририят, шунингдек, юртимизнинг олимлари ва мутахассисларининг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш ютуқларини, шу билан бир қаторда «Ўзбекнефтгаз» АЖ корхоналари, ташкилотлари ва бирлашмаларига оид маълумотлар, Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги соҳа ютуқларини нашр этади.

«O‘ZBEKISTON NEFT VA GAZ» илмий-техника журналига обуна бўлиш учун маркетинг ва реклама бўлимига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилишингиз мумкин:

+998 (71) 256-67-27

+998 (71) 207-27-72 (555)

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид