Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент куранти атрофидаги баҳслар: вазият шу қадар жиддийми?
Тошкент курантини ҳамма билади. У пойтахт марказида жойлашган ва неча ўн йилларки диққатга сазовор иншоотлардан бири ҳисобланади. Шу кунларда Тошкент куранти билан боғлиқ яна бир баҳс-мунозара бошланди. Гап иншоотнинг байрамга хос безатилишида бормоқда.
Тошкентликлар ва пойтахт меҳмонлари шу кунларда Тошкент курантларининг ўзига хос тарзда безатилганига гувоҳ бўлишяпти. Аниқроқ айтганда, соатли минорага алвон ленталар ва бант илинган.
Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда танқид қилиниши ортидан Маданият вазирлиги бу бўйича вазирлик ҳузуридаги Маданий мерос департаменти билан келишилмаганини билдириб, бу безакларни олиб ташлашни талаб қилди.
Маданият вазирлиги бундай талаб қўйишга ҳақли. Сабаби аниқ – Тошкент куранти маданий мерос объектларидан бири ҳисобланади ва моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва уларнинг қўриқланадиган теграларида ер қазиш, ер тузиш, қурилиш, мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари, асрашга доир ишларни амалга ошириш ҳамда илмий ва илмий-техник тадқиқотлар ўтказишга оид лойиҳаларга хулоса бериш Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгаши томонидан амалга оширилиши зарур.
Лекин масала бошқа томонда. Тошкент куранти атрофида бундай ишларнинг бирортаси амалга оширилмаган. На ер қазилган, на иншоот бузилган ёки қурилган ва на мелиорация ва бошқа хўжалик ишлари амалга оширилган.
Шаҳарнинг барча кўчалари ва бинолари сингари байрам олдидан вақтинча безалмоқда, холос. Нега янгиликка интилиш бу қадар ғалати қабул қилиняпти? Ахир бу безаклар ҳам диққатни ўзига хос тарзда жалб қилишга уриниш, бундай уринишлар дунё амалиётида мунтазам қўллаб келинади.
Энг қизиғи, биз ҳавас қиладиган ва саёҳатга ошиқадиган ривожланган давлатларнинг ҳаммасида биноларни маълум сана ёки байрамларга хос тарзда безаш анъанаси мавжуд. Ҳатто бино қадимий бўлсада!
Муҳими, бино ёки иншоотга зарар етказилмаса, чиройини тўсувчи ҳолат доимий характерга эга бўлмаса бас. Бунинг учун алоҳида рухсатнома ҳам талаб қилинмайди.
Демак, Тошкент курантларининг қиёфаси байрамона тус олганлигидан фожиа ясашга ҳожат йўқ, курантларимиз ҳар қачонгидек улуғвор ва гўзал. Байрам эса тез орада ўтиб кетади.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
18:28 / 11.06.2026
Маданиятга тикилган пуллар, санъаткордан вазирликка, интернет маданиятчилари – вазир Назарбеков билан суҳбат
21:54 / 21.04.2026
“Солиқ тўламайман дейишга ор қилиш керак” - маданият вазири
20:28 / 12.01.2026
Антикоррупция агентлиги ҳукуматдан Озодбек Назарбековга чора кўришни сўради
07:32 / 19.08.2025