Ўзбекистон | 08:07 / 10.12.2020
5690
2 дақиқада ўқилади

3500дан зиёд хонадоннинг бир ойлик истеъмоли миқдоридаги табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

Жорий йилнинг 7 декабр куни Тошкент вилояти Оҳангарон тумани, Нуробод қўрғонида жойлашган МЧЖга қарашли газоблок ишлаб чиқариш корхонасининг табиий газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилган. 

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, жамият томонидан ноқонуний равишда табиий газдан фойдаланган ҳолда, оҳак маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келинаётгани маълум бўлган.

Мазкур жамият “Ҳудудгаз Тошкент” МЧЖ томонидан 2019 йил 2 декабрда берилган 0332-сонли техник шартга кўра қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган истеъмолчилар тоифасига киради.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 ноябр ҳолатига жамиятнинг табиий газдан 135 миллион сўм дебитор қарздорлиги мавжуд бўлса-да, давлат мулкини талон-торож қилиш мақсадида жами 313та ностандарт газ ёндиргичлари билан жиҳозланган 3та хумдонда (ўлчами 4х25 метр) оҳак маҳсулоти тайёрланаётганлиги аниқланган.

“Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали ва МЧЖ ўртасида 2020 йил 1 июл куни тузилган шартномада жамиятда фақатгина газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозлари (умумий соатлик газ истеъмоли 431,84 метр куб) кўрсатилган.

Шу билан бирга, газобетон ишлаб чиқариш ускунаси ҳамда маиший газ жиҳозларида сарфланган газ миқдорлари ҳисобини юритиш учун ўрнатилган “Флоугаз” русумли ҳисоблагичи ҳам носоз бўлганлиги тахмин қилинмоқда. Бунга 2020 йилнинг 27 ноябр кунидан олдинги архив маълумотлари мавжуд эмаслиги (сақланмаганлиги), ҳисобдонга ташқи таъсир кўрсатилган, деб ҳисобланмоқда.

Ҳолат аниқланган вақтда тармоқдаги табиий газ босими 2,7 кгс/см2ни ташкил қилганлиги боис, газ таъминоти филиали томонидан амалга оширилган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами 3 млрд 189 млн 417 минг сўм (3 189,5 минг куб метр) зарар етказилганлиги аниқланиб, ҳозирги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириш учун бирламчи ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Мазкур 3 189,5 минг метр куб табиий газ билан ўртача 3500дан зиёд ҳовли уйларнинг бир ойлик эҳтиёжини қондириш имконини беради, дейилади маълумотда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид