Жамият | 10:30
1883
1 дақиқада ўқилади

А-373 автомагистралининг бир қисмида тезлик чеклови пасайтирилади

Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А-373 автомобиль йўлининг 103–131-километрлари оралиғида ҳаракат тезлиги пасайтирилади. Мазкур қарор йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Фото: autostrada.uz

Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг қарорига кўра, А-373 “Тошкент–Оҳангарон–Ангрен–Қўқон–Шаҳрихон–Андижон” автомобиль йўлининг Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи қисмида транспорт воситалари учун юқори ҳаракатланиш тезлиги чекланади.

Қарорга мувофиқ, М1, М2 ва N1 тоифадаги енгил ҳамда енгил юк ташувчи транспорт воситалари учун максимал тезлик 80 км/соат этиб белгиланади. N2 ва N3 тоифадаги оғир юк транспортлари учун эса тезлик 50 км/соатгача туширилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур чоралар йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтиришга қаратилган.

Шунингдек, белгиланган ҳудудларда 3.24 “Юқори тезлик чекланган” йўл белгилари ҳамда қўшимча ахборот кўрсаткичлари ўрнатилади.

Қарор 2026 йил 8 июнь куни қабул қилинган бўлиб, қабул қилинган кундан эътиборан кучга кирган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид