20:15 / 10.12.2020
7939

«Агар таклиф ва эҳтиёж бўлса, Қуръон мусобақалари яна ўтказилиши мумкин» — Музаффар Комилов

«Таклифга қараб биз тайёрмиз, марҳамат. Агар шунга эҳтиёж бўлса, ўтказилади», – деди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари. Унинг таъкидлашича, Қуръон ва ҳадис мусобақалари тўхтатиб қўйилмаган ва тўхтатилмайди ҳам.

Бугун, 10 декабр куни АОКАда Ўзбекистоннинг диний эркинлик бўйича «Махсус кузатувдаги давлатлар рўйхати»дан чиқарилгани юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда масъулларга 2018 йили президент ташаббуси билан республика миқёсида Қуръон ва ҳадис мусобақалари ўтказилгани, аммо шундан сўнг бундай тадбирлар қайта ташкил этилмагани юзасидан савол берилди.

Саволга Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов жавоб берди.

«Қуръон мусобақасини ҳеч ким тўхтатгани йўқ. Ташкилотчилар Қуръон мусобақасини ўтказиш тўғрисида таклиф билан чиқишса, бу масала дастурларга киритилади ва у ўрнатилган тартибда ўтказилади.

«Кимдир тўхтатиб қўйибди», деган ҳар хил гумонларга ўрин йўқ, эҳтиёжга кўра бундай мусобақалар бўлган, бўлади. Ҳозир ҳам бу дастурга киритилган, диний соҳа ходимлари ўртасида Қуръон мусобақалари ва Ҳадис мусобақаларини  ўтказиш бўйича таклифларнинг ҳаммаси қабул қилинган, [тартиби] ишлаб чиқилмоқда», – деди Комилов.

Унинг сўзларига кўра, агар Ўзбекистон мусулмонлари идораси таклиф билан чиқса, аҳоли ўртасида Қуръон мусобақаси ўтказилиши мумкин.

«Таклифга қараб биз тайёрмиз, марҳамат. Агар шунга эҳтиёж бўлса, ўтказилади. [Қуръон мусобақаларини] тўхтатганимиз йўқ ҳеч қачон. Тўхтамайди. Кенгроқ қамровда, кичикроқ миқёсда бўлиши мумкин, лекин бу мусобақа ўзининг самарасини бериб келади.

[Бундай мусобақалар] соҳа мутахассислари, профессионаллар ўртасида ўтказилиши мақсадга мувофиқроқ, чунки биз бу ердаги ғолибларимизни халқаро мусобақаларга жўнатамиз. У ерда ҳам ҳар йили ўнлаб жуда катта-катта ўринларни олиб келишяпти», – деди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда биринчи маротаба кенг миқёсда Қуръон мусобақаси ўтказилган эди. Ғолиблар ва уларнинг яқинларига имтиёзли асосда Умра зиёратига йўлланма берилган, олий ўрин соҳиби – қорақалпоғистонлик ёш қори Йўлдошбек Нуриддиновга президент совғаси сифатида Gentra автомобили топширилганди.

Мусобақадан сўнг кўп ўтмай «Ҳадиси шариф билимдони» республика танлови ҳам бўлиб ўтганди. Ушбу тадбирлар янги ҳукуматнинг диний соҳага муносабати аввалгисидан фарқ қилишини тасдиқловчи омиллардан бири сифатида кўрилганди.

Top