Ўзбекистон | 17:18 / 10.12.2020
5724
3 дақиқада ўқилади

«Индекслардаги ўрнимиз биз учун аҳамиятга эга, лекин пировард мақсад эмас» — Русланбек Давлетов

«Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни баҳолаш» мавзусидаги II халқаро рейтинглар форуми бўлиб ўтди.

Унда сўз олган Ўзбекистон адлия вазири Русланбек Давлетов сўнгги йилларда қабул қилинаётган ҳужжатлар кўлами бир неча баробарга ошгани ҳақида тўхталди.

«Жуда катта ислоҳотлар натижасида қонунчиликдаги актлар сони геометрик прогрессияда ошиб кетди. Сўнгги 4 йил ичида 10 мингдан ортиқ қонун ҳужжати – қонунлар, қонуности ҳужжати, президент қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари қабул қилинган бўлса, булар мустақиллик даврида қабул қилинган ҳужжатларнинг 30 фоизини ташкил этяпти.

Вазирлар Маҳкамаси қарорларини қабул қилиш йилига 3 баробардан ошди. Президент ҳужжатлари 4 баробарга ошди. Бу дегани бизга, ҳуқуқшуносларга бўлган юкламаларнинг кескин ошишига олиб келди.

Биз талабга яраша ишлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ўзимизнинг ишимизни ҳам қайта кўриб чиқяпмиз», – дея Русланбек Давлетовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У қонун ҳужжатларини ишлаб чиқишда шакллантирилган тамойиллар ҳақида ҳам гапирди.

«Маълум бир тамойилларни ҳам шакллантириб олдик. Биринчи тамойилимиз бу – қилаётган янгилигимиз ҳеч қачон тескари бўлмаслиги керак, яъни қийинчилик туғдирмаслиги, бюрократияга олиб келмаслиги керак.

Иккинчидан, биз оқилона тартибга солиш концепциясини олдинга суряпмиз. Бу нимадан далолат беради? Биринчидан, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг таъсирини баҳолаш тизимини киритяпмиз. Яъни бу қандай оқибатларга олиб келади, унга риоя қилиш харажатлари тадбиркорлар учун қандай бўлади, фуқаролар ҳаётига енгиллик олиб келадими ёки йўқми – шуларни олдиндан таҳлил қилиш тизимини ишга киритяпмиз.

Ундан ташқари, регулятор гильотина деган принципни киритяпмиз. Чунки бугунги кунда ҳуқуқий ҳужжатлар массаси тадбиркорларнинг бўйнида турибди. Бунинг ҳаммасини ҳам тушуниб, охирига етиш, унинг ичидаги талабларни билиш тадбиркорлар учун жуда қийин.

Охирги мисоллардан бирини айтадиган бўлсак, президентнинг 500та ҳужжатлари бир қарорнинг ўзи билан бекор бўлди. Худди шундай яна 2 мингта ҳужжат ҳозир ҳукумат даражасида кўриб чиқиляпти. 2 мингта тўғаноқ бўлаётган ҳужжатларни биз гильотина принципи асосида йўқотишни кўзда тутяпмиз», – деди адлия вазири.

Русланбек Давлетов пировард мақсад – Ўзбекистоннинг халқаро индекслардаги ўрни эмас, ҳаётни енгиллаштириш эканини айтиб ўтди.

«Халқаро индекслар бўйича бир нарсани биз ҳар доим айтиб келамиз. Индекслардаги ўрнимиз биз учун аҳамиятга эга, лекин пировард мақсад эмас. Пировард мақсадимиз – ҳаётни енгиллаштириш, тизимни либераллаштириш, давлат органларининг масъулияти ва самарадорлигини ошириш.

Шуни қилсак, рейтинглар ўз-ўзидан ошади. Фақат биз рейтинглар бўйича шундай бир ёндашув қиляпмизки, у ердаги баҳо бериш методологиясини жуда чуқур ўрганиб, ҳаммасини аниқ билсаккина, ўзимизда етишмаётган бўғинларни тўлдириб боришимиз мумкин», – деди Давлетов.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид