19:14 / 10.12.2020
10867

«Меҳр» операциялари доирасида эркаклар ҳам қайтарилиши мумкинми? Диний қўмита вакили изоҳ берди

«Очиқ айтаман, агарда қўли қон бўлмаса, марҳамат, улар вақти-соати билан албатта келади. Лекин бу – вақт талаб этадиган масала», – деди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов

Турли оқимлар доирасига тушиб, Сурия ва Ироққа йўл олган ўзбекистонлик эркаклар ҳам вақти-соати келиб «Меҳр» операциялари доирасида ватанга қайтарилиши эҳтимолдан холи эмас.

Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов 10 декабрь кунги матбуот анжуманида берилган саволга жавобан шундай деб маълум қилди.

«Жангларда қатнашган, бироқ тавба қилган, қилган ишлари хатолигини англаб етган, бунинг учун жазосини олишга тайёр эркаклар ёки йигитлар ҳам кейинчалик қайтарилиши мумкинми?», дея берилган саволга қўмита расмийси қуйидагича жавоб қайтарди.

«Аввало, хориждан олиб келинаётган ҳар бир ватандошимиз ёки ватандошларимиз фарзандларининг Ўзбекистонга етказиб келиниши ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг орқасида жуда катта меҳнат турибди, жуда катта молиявий ишлар турибди. Ҳеч бир инсон ўз-ўзидан келиб қолаётгани йўқ.

Шунинг учун биринчи галда ёрдамга энг кўп муҳтож бўлган болалар ва аёллар олиб келинмоқда. Эркаклар масаласига келсак, бу борада ўрганиш керак бўлган ишлар бор.

Очиқ айтаман, агарда қўли қон бўлмаса, марҳамат, улар вақти-соати билан албатта келади. Сиз айтгандай, тавба қилиб, қилмишидан пушаймон бўлиб, кимдир уни адаштириб, кимдир уларни бугунги кунда мусулмоннинг энг катта вазифаси жиҳод ва шаҳидлик дея динимиздаги муқаддас тушунчаларни бошқача талқин қилган ҳолда нотўғри ғояларга йўналтирган бўлса, кимнингдир қотили бўлмаган бўлса, албатта, вақти-соати келиб улар ҳам қайтади ватанимизга.

Лекин бу – вақт талаб этадиган масала», – деди Музаффар Комилов АҚШ Ўзбекистонни диний эркинлик бўйича махсус кузатувдаги давлатлар рўйхатидан чиқарганига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида.

Маълумот учун, Ўзбекистон расмийлари 2019–2020 йилларда Сурия ва Ироқдан ўз фуқароларини қайтариш бўйича учта операция ўтказиб, бир неча юз нафар аёллар ва болаларни олиб келди.

Top