Жаҳон | 13:11 / 10.12.2020
5433
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон кучишлатар тузилмалари электр энергиясидан оқилона фойдаланиш масаласини назорат қилади

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари бошчилигидаги штаб бугун иш бошлайди.

Фото: РИА Новости / Игорь Зарембо

Тожикистон ҳукуматининг топшириғига кўра мамлакатда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш ва электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ягона республика штаби ташкил этилди.

Штаб Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода раҳбарлигида Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Энергетика вазирлиги, Хотин-қизлар ва оила, ёшлар ва спорт масалалари бўйича қўмиталари ҳамда «Барки точик» ширкати вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилиш доирасида ташкил этилди.

Йиғилишда таъкидланишича, мамлакат энергетика объектларида таъмирлаш ишлари ва назорат-профилактика тадбирларининг якунланиши ҳамда аҳолига электр энергияси етказиб бериш жараёни тўлиқ тикланиши муносабати билан қишки даврда фуқароларнинг электр энергиясидан оқилона фойдаланишини назорат қилиш зарурияти юзага келган. Бу ҳақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот маркази хабар бермоқда. 

Республика ҳудудида ўз фаолиятини 10 декабрдан бошлайдиган штаб ҳар бир шаҳар ва туманда электр энергиясидан оқилона фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини олиб боради.

Ишчи гуруҳлар жойларда мамлакат аҳолиси уйларида, мулкчилик шаклидан қатъий назар корхона ва ташкилотларда электр энергияси қандай сарфланаётганини текширади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид