Спорт | 21:05 / 15.12.2020
24652
3 дақиқада ўқилади

Отабек Умаров Осиё Олимпия Кенгашининг вице-президенти этиб сайланди

Ўмоннинг Маскат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош Ассамблеяси ўз ишини бошламоқда, дея хабар беради МОҚ матбуот хизмати.

«Бугун, 15 декабрь куни ассамблеядан бир кун аввал, анъанага кўра 74-Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланди.

Осиё Олимпия Кенгашининг (ООК) конституциясида (қоидаларни қўллаш, 71 ва 76-моддаларига асосан) 5 йирик комплекс мусобақаларга мезбон мамлакат ООК вице-президенти лавозимига номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган.

Ўзбекистон 2025 йил IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши эвазига биринчи марта ўз вакилини сайёрамизнинг энг йирик қитъасида олимпия ҳаракатига масъул бўлган ташкилот раҳбариятига номзод сифатида таклиф этиш имконига эга бўлди.

Мазкур нуфузли анжуманнинг биз учун эътиборли жиҳати, ООК вице-президентлигига номзодлар қаторида ҳамюртимиз, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров ҳам бор эди.

10 декабрь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари онлайн йиғилишида Отабек Умаровни мамлакатимиз номидан ООК вице-президентлигига номзод сифатида тавсия этишга қарор қилинганди. Бугун бўлиб ўтган Осиё Олимпия Кенгаши Ижроия қўмитаси йиғилишида Отабек Умаров номзоди бир овоздан маъқулланди ва Отабек Умаров расман ташкилот вице-президенти этиб сайланди», - дейилади хабарда.

«Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф. Тошкентда ўтадиган 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Муҳтарам Президентимиз ва ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз», – деди Отабек Умаров.

Эртага, 16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Янада аҳамиятлиси, ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.

«ООК Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон номидан Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, қўмита бош котиби, Тошкент-2025 IV ёшлар Осиё ўйинлари директори Ойбек Қосимов, МОҚ раиси ўринбосарлари С.Полатов, А.Комилов, шунингдек, МОҚ раиси маслаҳатчилари И.Шодиев ва Ш.Асатуллаевлар иштирок этишмоқда», - дейилади Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид