10:46 / 16.12.2020
4815

10 ой давомида 33 мингдан ошиқ фуқародан 179 млрд сўм ва 11 млн доллар фирибгарлик билан қўлга киритилган

15 декабр куни АОКАда Ички ишлар вазирлиги масъуллари иштирокида «Жамиятда коррупцияга қарши курашиш, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган ишлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Рустам Хотамов Фото: KUN.UZ

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари, полковник Рустам Хотамов 2020 йилнинг 11 ойи давомида вазирликнинг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси томонидан амалга оширган ишлари юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, коррупцион жиноятлар асосан ижтимоий соҳада, ҳокимият идораларида, ўрта ва кичик бизнесда ҳамда агросаноат комплексида содир этилган.

Хусусан, 2020 йилнинг 11 ойи мобайнида коррупция ва иқтисод соҳасида содир этилган, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлардан 748 таси (2019 йилда 803 таси) аниқланган.

Коррупцияга ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ушбу жиноятларга алоқадор 126 та гуруҳни қўлга олиб, 84 нафар шахсга нисбатан жазо тайинлаган.

Мазкур жиноятларнинг 94 (101) таси порахўрлик, 55 (63) таси товламачилик, 350 (335) таси фирибгарлик, 77 (118) таси валюта қоидасини бузиш, 17 (10) таси қалбаки пул ясаш, 77 (81) таси ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш ҳамда 78 (95) таси бошқа турдаги жиноятлар билан боғлиқдир. Бу ўтган йилнинг шу даври билан таққосланганда 6,8 %га камроқдир.

Ходимлар томонидан агросаноат комплексида 33 та, саноатда 5 та, ёқилғи энергетика комплексида 14 та, банк, молия-кредит тизимида 28 та, ижтимоий соҳаларда 111 та, истеъмол бозорида 31 та, чет эл фирмалари ва қўшма корхоналарида 5 та, ўрта ва кичик бизнесда 66 та, ҳуқуқни муҳофаза этиш идораларида 4 та, назорат идораларида 11 та, ҳокимият идораларида 46 та ҳамда бошқа соҳалардаги 394 та жиноят аниқланиб, фош этилди.

Шунингдек, 2020 йилнинг 10 ойи давомида ИИВ Коррупция ва иқтисодий жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ташаббуси билан аҳоли орасида энг кўп шов-шувга сабаб бўлган ишга жўнатиш ёки автотранспорт воситасини олиб беришга ваъда бериб 33 мингдан ошиқ фуқародан 179,7 млрд сўм ва 11,8 млн АҚШ доллари фирибгарлик билан қўлга киритилган ҳолат бўйича 66 нафар шахсга 24 та жиноят иши очилган.

Top