Жаҳон | 22:50 / 16.12.2020
11117
2 дақиқада ўқилади

Испанияда рус мафиясига қарши 7 йил олиб борилган тергов якунига етди

Испания полицияси пул ювиш билан шуғулланувчи жиноий тармоққа қарши 7 йил олиб борилган тергов якунланганини маълум қилди. Жиноий тармоққа рус мафияси ва Испаниянинг юқори мансабдор шахслари алоқадор бўлган. 

Фото: AP

Ушбу тергов доирасида 23 киши, жумладан Россиянинг 8 фуқароси ҳибсга олинган.

Ҳуқуқ-тартибот идораларининг маълум қилишича, бу тергов охирги 10 йил ичидаги энг йириги бўлган.

“Жиноий тўда нафақат пул ювиш билан шуғулланган, балки испан жамиятида чуқур илдиз отиб кетган. Тўда мамлакатимизга олиб келинган пуллардан бир қисмини стратегик муҳим тармоқлардаги амалдорларни ва сиёсатчиларни сотиб олишда қўллаган. Жиноий ташкилот турли давлат муассасаларига кириб боришга муваффақ бўлган”, дейилган полиция сайтида.

Жиноятчилар пул ювишдан ташқари, инвестициявий лойиҳалар билан шуғулланган, нуфузли кўчмас мулк, ресторан, саноат омборлари қуриш учун ер сотиб олган. Полициянинг фикрича, жиноятчилар, шунингдек, Ибица оролидаги асосий тунги клублардан бирини сотиб олмоқчи бўлган.

Тергов доирасида Аликанте, Мадрид, Таррагона ва Ибицада тинтувлар ўтказилган. Ҳибсга олинганлар орасида жиноий ташкилот раҳбарлари ҳам бор. Ҳибсга олинганлардан 8 нафарини россиялик, 2 нафарини украиналик, 2 нафарини қозоғистонлик ва жазоирлик, қолганларини испанлар ташкил қилган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид