8 июль куни Туркия пойтахти Анқарада сўзлаган нутқида президент Доналд Трамп иттифоқчиларини Эронга қарши урушни қўллаб-қувватламаётгани учун қаттиқ танқид қилди. Шунингдек у Испанияни НАТОдаги «жуда ёмон ҳамкор» деб атади ҳамда АҚШ молия вазири Скотт Бессентга Мадрид билан барча савдо-сотиқни тўхтатишни буюрди.

«Испания — умидсиз ҳолат. Биз энди Испания билан ҳеч қандай савдо-сотиқ қилишни хоҳламаймиз», деди Трамп.

«Айтганча, мен буни тўхтатишни истайман. Испания НАТОдаги жуда ёмон ҳамкор. Улар [тадбирларда] қатнашмайди, пул тўламайди. Испания билан ҳеч қандай алоқам бўлишини хоҳламайман. Испания билан барча савдо-сотиқни, жумладан ташрифларни ҳам тўхтатинг… Кейин уларнинг қандай югуриб қайтиб келишини томоша қилинг», дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Reuters.

Вашингтон ва Мадрид ўртасида анчадан бери келишмовчилик давом этмоқда, чунки Испания Трампнинг Европа давлатлари ҳарбий харажатларни кескин ошириши ва ўз мудофааси учун ўзлари пул тўлаши ҳақидаги талабларини очиқчасига рад этиб келмоқда.

Бундан ташқари, Испаниянинг социалистик раҳбарияти АҚШга Эрон уруши давомида ўз ҳаво ҳудудидан ёки унинг ҳудудидаги базалардан фойдаланишга рухсат бермаган.

Гренландия масаласи

Трамп, шунингдек, ўз мамлакати Даниянинг ярим автоном ҳудуди бўлган Гренландияни назорат қилишини талаб қилди ва иттифоқ ичида кескинлик келтириб чиқарган масалани яна кун тартибига қайтарди.

«Гренландия Америка Қўшма Штатлари учун жуда муҳим, аммо Дания учун муҳим эмас», деди у.

«Аслида, Дания бир кундан камроқ вақт ичида нацистлар томонидан босиб олинганда — Ҳитлер уларни бир кунда мағлуб этиб, назоратни қўлга олганда — улар биздан Гренландияга ғамхўрлик қилишимизни сўрашган. Биз Гренландияни ҳимоямизга олганмиз, кейин эса аҳмоқлик қилиб уни қайтариб берганмиз"