Ўзбекистон | 22:00 / 16.12.2020
8383
3 дақиқада ўқилади

ЎзМУ халқаро рейтингдан ўрин олди

Лондонда Quacquarelli Symonds халқаро агентлиги томонидан Ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича 2021 йил учун энг кучли университетлар рейтинги (QS Emerging Europe and Central Asia University Rankings) эълон қилинди. Унда ЎзМУ кучли 500таликка кирди.

Ушбу нуфузли рейтингда мустақил Ўзбекистон тарихида илк марта мамлкатимизнинг бир йўла тўртта олий таълим муассасаси энг кучли университетлар қаторидан ўрин эгаллади. Булар: 

  • Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (251-300); 
  • Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (351-400);
  • Самарқанд давлат университети (351-400);
  • Тошкент давлат техника университети (351-400).

QS халқаро рейтинг агентлиги кучли университетлар рейтингини тузишда уларнинг академик нуфузи (30 фоиз), иш берувчилар ўртасидаги нуфузи (20 фоиз), ўқитувчилар ва талабалар миқдори мутаносиблиги (10 фоиз), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги (10 фоиз), илмий мақолаларнинг ўқилиши, уларга нисбатан берилган иқтибослар сони (5 фоиз), хорижий ўқитувчи ва ходимлар (2,5 фоиз) ҳамда талабалар (2,5 фоиз) улуши ва шу каби бошқа муҳим жиҳатлар асос қилиб олинади. 

Рейтингни тузишда дунёнинг 102 минг нафардан ортиқ олимлар, ўқитувчи ва ОТМлар раҳбарлари, 52 минг нафардан зиёд иш берувчи компаниялар вакиллари, қолаверса, QS мутахассислари ҳам эксперт сифатида иштирок этган.

«Бу йил Ўзбекистон университетлари кўп жиҳатдан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва университетларнинг тизимли фолияти туфайли ҳудудий рейтингдаги иштирокини кенгайтирди. Биз Ўзбекистон ҳукумати ва вазирликнинг мамлакат олий таълимининг глобал рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ОТМларнинг халқаро академик гуруҳларда танилишига эришиш йўлида олиб бораётган ишларини юқори баҳолаймиз», дейди QS таҳлилий маркази директори Бен Саутер.

Рейтингда энг юқори ўринларни М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (Россия), Тартус университети (Эстония), Санкт-Петербург давлат университети (Россия) ва Карлов университети (Чехия) эгаллаган.
   
Маълумот учун, дунёда таълим сифатини баҳоловчи кўплаб  рейтинг тизимлари бўлиб, улардан халқаро миқёсда тан олинадиган Times Higher Education (THE), Quacquarelli Symonds (QS) ва Academic Ranking of World Universities (ARWU) Шанхай рейтинг компаниялари ўзининг нуфузи билан дунёга машҳур.

2018 йилда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QS ва Times Higher Education халқаро рейтинг агентликлари билан республика ОТМларини халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш бўйича стратегик шартнома имзоланган.

ЎзМУ Ахборот хизмати

Мавзуга оид