Жаҳон | 22:14 / 16.12.2020
8394
2 дақиқада ўқилади

Хитой Мянма билан чегарада 2 минг километрлик девор қурмоқда - ОАВ

Хитой Мянма билан чегарада кузатув камералари ва динамиклар билан жиҳозланган девор қурилишини олиб бормоқда. Бу ҳақда ушбу ҳафта бир нечта хорижий ОАВ хабар берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Маълум қилинишича, деворнинг 660 кмлик биринчи қисми қуриб бўлинган. Таъкидланишича, “Жанубий Буюк Хитой девори” шартли номини олган лойиҳани 2022 йил октябригача якунлаш режалаштирилган. Бироқ Хитой ҳукумати ушбу қурилиш бўйича расмий баёнотлар бермаган. 

The Times нашрининг хабар беришича, фақат сентябрда “Жэнмин жибао” нашрида Юннан провинциясида Хитой коронавируснинг киришига йўл қўймаслик мақсадида “мамлакатга ноқонуний кириш ва уни тарк этиш олдини олиш учун” тўсиқлар қурилгани маълум қилинган.   

Radio Free Asia (RFA) Бирма сайтларига таяниб ушбу деворнинг суратларини эълон қилган. Суратларга кўра, девор 2х3 метрлик секциялардан иборат металл панжарадан иборат бўлиб, улар усти тиканли сим билан ўралган. Таъкидланишича, қурилиш якунлангандан кейин девор орқали электр ток ўтказилади, инфрақизил нурланишли датчикка эга кузатув камералари ҳамда деворга яқин келиш хавфли эканидан огоҳлантирувчи динамиклар ўрнатилади.

Мянманинг ушбу девор ўтган чегараолди аҳолиси RFA’га берган интервьюсида девор пайдо бўлгандан кейин Хитой ва Мянма ўртасида норасмий алоқалар ва чегараолди ҳудудлар аҳолисининг бир-бирини ўзаро иқтисодий қўллаб-қувватлаши тўхтаганини маълум қилган. Экспертларнинг таъкидлашича, ушбу девор нафақат хитойликларга чегарани бемалол кесиб ўтиб, Мянмада бизнес юритишларига имкон бермайди, балки диссидентларни Хитойдан қочиш имконидан маҳрум этади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид