23:03 / 17.12.2020
21717

«Биз ҳам Фаридалармиз» — киношунос Оскар мукофотига даъвогар ўзбек филми ҳақида

Санъатшунослик фанлари доктори Нигора Каримова Kun.uz мухбири билан суҳбатда 17 декабр куни Тошкентда премьераси ўтказилган «Фариданинг икки минг қўшиғи» филми ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: Ўзбеккино

Ушбу филм Ўзбекистон номидан Оскар мукофотига тавсия этилган.

«Мен киношунос сифатида бу филмни янгиланган ўзбек киноси деб атайман. Бу нафақат жанр ва мавзу, балки кинодаги тафаккур доирасини ҳам кенгайтирди. Режиссёр томошабин танловига тўла эркинлик бера олган. Бадиий кенгашда кўрганимизда филмга нисбатан «нима ҳақда бу, аввалги замонни қўмсашми», деган маънода танқидлар бўлганди. Ёлқин Тўйчиев бундай саволларга жавоб бериши керак эмас. Филмда қаҳрамонлар ибтидоий муҳитда яшашади.

Бу ерда Фариданинг икки минг қўшиғи қаерда, деган савол энг асосийси. Фикримча, Фариданинг икки минг қўшиғи ҳали олдинда. Аёлларнинг бахт йўлидаги макри, ҳаракати, ҳаёти қандайдир қўшиқлардан иборат бўлади. Биз ҳам фаридалармиз. Ўша икки минг қўшиқнинг давомини айтиб келяпмиз. Ҳамма ўзиникини айтади. Бу филмни бир нечта нуфузли фестивалларга жўнатганмиз.

Филмда ХХ аср бошидаги улкан ижтимоий-сиёсий трансформациялар -Бухоро амирлигининг емирилиши, шўро мафкурасининг кириб келиши акс этган. Унда Россия империяси вакилларини ҳам кўрамиз.

Бунда геосиёсий бир макон ҳам борки, воқеалар филм чорраҳасида юз беради. Даврлар ўзгарганда инсонлар ҳам қандайдир синовлардан ўтади.

“Фариданинг икки минг қўшиғи” филми аёл ва эркак муносабатлари устига қурилган. Рашк, муҳаббат, оташ ва қолаверса, бир аср илгари бўлган нарса ҳозир ҳам воқелигимизда бор.

Айниқса, бош рол ижрочиси Баҳром Матжонов Бухоронинг охирги додҳоси образини ажойиб тарзда яратиб берган.

Ижодкорлар тоталитар, империя, феодал яна бошқа тизимлар ўртасида ўзлигини сақлаб қолаётган миллатнинг кайфиятини тўла бера олган. Бу ерда яна бир урғу берадиган инсоним - оператор Баҳодир Йўлдошев. У киши филмнинг тасвирий қатламини маҳорат билан яратиб бера олган», деди Нигора Каримова.

«Фариданинг икки минг қўшиғи» филми «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган. Киноасар "Москва премьераси" фестивали гран присини қўлга киритиб, "Олтин глобус" мукофотига даъвогар филмлар рўйхатидан жой олган. 

Top