Жамият | 19:04
3428
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб ўқувчиларига пулга 3D форматда қўрқинчли филм намойиш қилинди

Филм намойишини “Xur-makon olami” МЧЖ ташкиллаштирган. Бу МЧЖни мактабларга Учтепа тумани ҳокими ўринбосари Ойбек Раҳмонбердиев тавсия қилган. Томошага кирган ҳар бир ўқувчидан 25 минг сўмдан йиғиб олинган. Энг қизиғи ҳоким ўринбосари тавсия қилган МЧЖ тугатилган ва давлат реестрида йўқ.  

Фото: Видеодан кадр

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги мактабларда ўқувчиларга қўрқинчли филм қўйиб берилди. Бу ҳақда Kun.uz’га мурожаат келиб тушди.

Болалар қўрқувдан бақирган

Kun.uz’нинг аниқлашича, ҳудуддаги мактаблардан бирида 12 апрел – Жаҳон авиация ва космонавтикаси куни муносабати билан “планетарий келади”, дея ўқувчилардан 25 минг сўмдан йиғиб олинган. Аммо “планетарий” ўрнига болаларга 3D форматда ваҳшийликни тарғиб қилувчи қўрқинчли филм намойиш қилинган.

Ҳолат юзасидан Kun.uz’га тақдим қилинган видеолавҳаларда экранда одам шаклидаги қўрқинчли махлуқ тасвири намойиш қилингани, болалар қўрқувдан бақириб юборгани кўринади.

“Хонтўраева буйруқ берди”

Kun.uz филм намойиш қилинган мактаблардан бирининг директори (илтимосига биноан таҳририят унинг исмини очиқламасликка қарор қилди) билан суҳбатлашди. Унинг маълум қилишича, ушбу томоша Учтепа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Наргиза Хонтўраеванинг буйруғи билан бўлган.

Xur-makon olami” МЧЖ томонидан 3D форматда томоша қилинадиган кўчма кинотеатр келганди. Биз аралашганимиз йўқ: ўзи пулини белгилаб, ўзи йиғиб кетган. Хат асосида келгани учун мактабга киришга рухсат бердим. Юқори синф ўқувчилари ҳеч нарсани ҳис қилмабди. Аммо 1-синф ўқувчиларида қўрқув бўлибди. Ўзимнинг олдимга ҳам ота-оналар келди”, деди мактаб директори.

Унинг қўшимча қилишича, филм томошасига асосан қуйи синф ўқувчилари кирган. 

Ўқувчилардан зўр эканми, дея сўрасам, зўр, фақат қўрқдик, деб чиқишди. Эшитишимча, бу фақат мактабларда эмас, боғчаларда ҳам қўйиб бериляпти экан”, деди у.

“Замҳоким”нинг хати

Мактабларда ўқувчилар пули эвазига қўрқинчли филмлар намойиш қилиш Учтепа тумани ҳокими ўринбосари Ойбек Раҳмонбердиевнинг “тавсия хати” асосида амалга оширилган. Яъни “замҳоким”нинг ушбу хати ташкилотчи МЧЖга мактаблар дарвозасини ланг очиб берган.

Ойбек Раҳмонбердиевнинг хати Учтепа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Наргиза Хонтўраевага чиқарилган. Унда “Xur-makon olami” МЧЖ томонидан янги инновацион 3D форматдаги 360 градусда томоша ташкил этилгани айтилади. 

Бундай филмларни томоша қилиш жараёнида болалар атроф-муҳит ҳақида реал воқеа асосида тушунчаларга эга бўладилар. Бу эса болаларнинг билим савияси ва дунёқарашини шакллантиради. Янги инновацион ғояларга бўлган интилишини оширади”, дейилган ҳоким ўринбосари хатида.

МЧЖ тугатилган

Ойбек Раҳмонбердиевнинг Наргиза Хонтўраевага хати 2026 йил 30 март куни чиқарилган. Аммо хатда номи келтирилган “Xur-makon olami” МЧЖ фаолияти аллақачон тугатилиб кетгани аниқланди.

Очиқ манбаларга кўра, “Xur-makon olami” МЧЖ 2022 йил 19 октябрда давлат рўйхатидан ўтказилган. Ягона таъсисчиси ва раҳбари Равшан Ғофуров бўлган МЧЖ айни пайтда фаолият кўрсатмаётгани қайд этилган.

Kun.uz гаплашган мактаб директори эса чипта пулини фирма вакили олиб кетганини, мактаб маъмурияти бу жараёнга аралашмаганини айтди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид