Жаҳон | 19:27 / 17.12.2020
34929
5 дақиқада ўқилади

«Керак бўлганида охирига етказиб қўйишарди» – Путин Навальнийнинг заҳарланиши ҳақида гапирди

Россия президенти Владимир Путин мухолифатчи Алексей Навальнийга ФХХ ходимлари томонидан суиқасд уюштирилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги суриштирув бўйича саволга жавоб берди. У бу суриштирувни «Америка махсус хизматлари материалларининг легаллаштирилиши» эканини қайд этди. «Махсус хизматлар уни кузатиши керак. Аммо бу уни заҳарлаш керак дегани эмас», деган Путин.

Навальний ҳақидаги савол Life нашри мухбири томонидан берилди. У Bellingcat, The Insider, Der Spiegel ва CNN суриштирувларини тилга олиб, Навальнийни ким заҳарлагани ва бу ҳолат бўйича нега ҳамон жиноий иш очилмаганини сўраган.

«Бу кимга керак?»
«Берлин клиникаси мижозига келадиган бўлсак, айрим гапларни такрорлайман», деган у одатига кўра Навальнийни фамилияси билан атамай.

«Песков менга қандайдир суриштирув ҳақида гапирди ва ишонинг, бу суриштирув эмас, АҚШ махсус хизматлари тарқатган маълумотнинг легаллаштирилиши, холос. Нима, биз улар локацияларни текшираётганини билмаймизми? ФХХ ва бошқа хизматларнинг ходимлари буни яхши билишади. Улар қаерда жойлашувини яширмай телефондан фойдаланиш кераклигини ҳам билишади.

Биласизми, Берлиндаги клиникада бўлган бу шахс АҚШ махсус хизматларининг қўллаб-қувватловида. Шундай экан, махсус хизматларимиз бошқа мамлакатларнинг махсус хизматлари билан мулоқотда бўлган одамни кузатиши табиий. 

Аммо бу уни заҳарлаш керак дегани эмас. Агар буни хоҳлаганимизда, охиригача етказиб қўйган бўлардик», деди Путин.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш президент сўзи якунида кулиб юборганига эътибор қаратган.

Путин ўзига қаратилган танқидларни унинг мавқейидан фойдаланишга уринишдан иборат лўттибозлик деб атаган ва деган: «Мен шундай калибрдаманки, миллий миқёсда». У бундай услуб бутун дунёдаги сиёсий курашларда қўллаб келинишини қайд этиб ўтган.

«Бундай ҳийла-найранглардан фойдаланмаслик керак. Нималарга қодирлигингни муайян ишлар ёки дастурлар орқали кўрсатишинг керак», деган Путин.

Россия президенти ўзининг оиласи ва атрофидагилар ҳақидаги журналистик суриштирувлар ортида АҚШ давлат департаменти ва Америка махсус хизматлари туради деб ҳисоблайди. «Қандай бўлмасин бу уларнинг кўрсатмалари бўйича амалга оширилди. Бу кўриниб турибди», деган у.

Путин яна бир марта Навальнийнинг рафиқаси унга мурожаат қилгани ва шундан кейин жамоага «уни [Навальний] Германияга даволаниш учун олиб кетишга кўрсатма бергани» ҳақида гапирди. У аввалроқ «Валдай» клубида ҳам шуни иддао қилганди.

Путин Лавровдан кейин
Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ суриштирув бўйича биринчи бўлиб изоҳ берган россиялик амалдор Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бўлганди. У шу кунларда «бундай хабарларни ўқиш мароқли экани» ҳақида гапирганди.

«Аммо бу янгиликни тақдим этиш услуби бир нарсани англатмоқда: ғарблик ҳамкорларимизда қандайдир ахлоқий нормалар йўқ, нормал дипломатик иш тутиш маҳоратига эга эмаслар, фактларни аниқлашда халқаро-ҳуқуқий нормаларга риоя этишмайди», деганди Лавров Загребга ташрифи вақтида.

«Уларнинг мантиғи шундай: биз, масалан, Германия махсус хизматларининг Навальнийнинг заҳарланиши бўйича янги фактларини эълон қилдик, Москва эса икки кундан буён жим. Сукут сақлаяптими, демак, айбдор. Бундай ёндашувдаги нуқсон ақли расо ҳар қандай одам учун кўриниб туради», дея қўшимча қилганди вазир.

Кремл Навальнийнинг заҳарланиши билан боғлиқ журналистик суриштирув бўйича изоҳ бермаган, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса ўзининг кунлик брифинглари 15 ва 16 декабр кунлари ўтказилмаслигини маълум қилганди.

Bellingcat, Der Spiegel ва CNN нашрларининг қўшма суриштируви 14 декабр куни эълон қилинганди. Унинг муаллифлари Навальнийнинг заҳарланишига уни тўрт йилдан буён кузатиб келган ФХХ ходимлари алоқадорлиги тўғрисидаги тахминни илгари суришганди.

Хусусан, журналистлар Навальнийни аввалига Новосибирскда, кейин Томскда кузатган ФХХ ходимларининг номлари ва суратларини келтиришганди. Яна беш нафар ходим ишнинг боришини назорат қилишган, уларнинг айримлари Навальний бўлган самолёт шошилинч қўнган Омскка етиб келишгани айтилганди.

Мавзуга оид