Ўзбекистон | 12:53 / 17.12.2020
4822
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун нархларни ошириш бўйича қарор лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Getty Images

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига Тошкент шаҳар аҳолисини ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари учун нархларни ошириш бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори лойиҳаси жойланди.

Айни пайтда ҳужжат кўриб чиқилиб, хулоса олиш учун монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солиш органларига тақдим қилинган.

Лойиҳага кўра, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан янги таклиф этилаётган тарифлар (нархлар) 1 метр куб ичимлик суви учун аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 310 сўмдан 500 сўмга (161,2 фоиз)га, тижорат ташкилотлари учун 730 сўмдан 1500 сўмга (205,4 фоиз)га ўсиши белгиланмоқда.

Шунингдек, канализация хизматлари учун аҳоли, бюджет ва улгуржи истеъмолчилар учун (ҚҚСсиз) 250 сўмдан 350 сўмга (140,0 фоиз)га, тижорат ташкилотлари учун 460 сўмдан 820 сўмга (178,2 фоиз)га ўсиши кутилмоқда.

Лойиҳада мазкур нархлар ошишига асосий сабаб сифатида «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖнинг 2019 йилда молиявий иқтисодий фаолиятдан 58,8 млрд сўм ҳамда 2020 йил 8 ойлигида 21,3 млрд сўм зарар кўргани келтирилган.

Шунингдек, кредитор қарздорликни янада камайтириш, лойиҳаларни амалга ошириш, келгусида тўлови кутилаётган хорижий кредитларни ўз вақтида қайтариш, тармоқлар ва иншоотлардаги носозликларни вақтида бартараф этиш борасида харажатлар ошгани билдирилган.

Лойиҳада бир қатор халқаро ташкилотларга қайтарилиши лозим бўлган давлат қарзлари ҳақида ҳам сўз борган.

Хусусан, президент қарори билан 2010 йилда Ислом тараққиёт банкидан 33,9 млн АҚШ доллари кредит маблағлари жалб қилингани келтирилган. Бугунги кунга қадар мазкур маблағларнинг 8,7 млн АҚШ доллари қайтарилган, 25,2 млн АҚШ доллари қолган. Тўлов графигига асосан йилига икки траншда жами 3 млн АҚШ доллари қайтариш белгиланган.

Шунингдек, лойиҳада Европанинг “Grundfos” корхонасидан етказиб берилган насослар учун ҳозирда 434,6 минг евро қайтариш режалаштирилгани келтирилган.

Мавзуга оид