Ўзбекистон | 23:51 / 19.12.2020
36072
2 дақиқада ўқилади

Акмал Саидов: «Қуронбоев Россияга бориб, ўзбекистонлик мигрант ёшларни кўриб келганди. Шу билан жим бўлиб кетишди»

19 декабр куни Tashkent City анжуманлар залида «Тошкент ёшлар форуми – 2020» доирасида ёшлар миграцияси масалаларига бағишланган халқаро конференция ўтказилди.

Фото: Тошкент ёшлар форуми

Тадбирда Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Акмал Саидов ҳам чиқиш қилди. У ўз чиқишида пандемия иммиграция борасида бутун дунёда йирик муаммоларни пайдо қилгани ҳамда бу жараёнда кучсиз қатлам – муҳожирлар энг кўп азият чекаётгани ҳақида гапирди.

«Бу муаммоларни ҳеч бир давлат мустақил ҳал қилолмайди. Буни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам кўп бор таъкидлади. Ҳозир чет элга кетаётганларнинг аксарини ёшлар ташкил этади. Хўш, хориждаги ёшларимизнинг бу муаммоларни ҳал қилиш борасидаги фикри қандай? Уларни ҳозир нималар қийнаяпти? Мигрант ёшларимиз миграция муаммоларини ечиш учун нималарни таклиф қилади? Буни ёшлар иттифоқи ўрганиши керакми йўқми? Мана шундай муаммолар бўлганда хориждаги ёшларимизга қандай ёрдам кўрсатишимиз керак? Бу борада халқаро талаблар қандай? Буни ҳам ташкилот ўрганиши керак-ку.

Икки йил аввал Қаҳрамон Қуронбоев Россияга бориб, ўзбекистонлик мигрант ёшларни кўриб келганди. Хўш, кейин нима бўлди? Шу билан жим бўлиб кетишди. Бу каби масалалар тўхтаб қолмаслиги, тизимли ишлаши керак», деб Акмал Саидовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид