Жаҳон | 11:13 / 21.12.2020
10555
2 дақиқада ўқилади

АҚШда ҳар бир фуқарога 600 доллардан тарқатилиши мўлжалланган дастур тасдиқланди

АҚШда янги тасдиқланган ёрдам тўплами доирасида фуқароларга 600 доллардан тарқатилиши, ишсизлар учун ҳафтасига 300 доллардан берилиши белгиланди. Яна 300 млрд доллар бизнесни қўллаб-қувватлаш, вакцинани жойларга етказиб бериш харажатлари, мактаблар, тиббиёт марказлари учун ажратилади.

Фото: Reuters

АҚШ конгресси етакчилари бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ишсизлик дастури доирасида 900 млрд долларлик ёрдам тўпламини маъқуллади. Янги ёрдам дастури коронавирус пандемияси даврида иқтисодиётни ва фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилади, деб ёзмоқда BBC.

Бу пандемия бошлангандан буён АҚШ фуқароларига йўналтираётган иккинчи ёрдам дастури. Март ойида ижтимоий кўмак учун 2,3 трлн доллар ажратилган эди.

Айни пайтда Қўшма Штатларда 12 млн одам ишини йўқотиши мумкин. Янги тасдиқланган дастур доирасида фуқароларга 600 доллардан тарқатилади, ишсизлар учун ҳафтасига 300 доллардан берилади. Яна 300 млрд доллар бизнесни қўллаб-қувватлаш, вакцинани жойларга етказиб бериш харажатлари, мактаблар, тиббиёт марказлари учун ажратилади.

Гарчи АҚШда коронавирусга қарши оммавий вакцинация бошланиб, умид учқунлари пайдо бўлган бўлса-да, коронаинқироз янги сайланган президент Жо Байден ҳукуматининг энг катта қийинчилиги бўлиши кутилмоқда. Коронавирус қайд этилганига 11 ой тўлган бўлса, бу орада миллионлаб америкаликлар ишсиз қолди.

Ўтган 5 ойда АҚШда камбағаллик кўрсаткичи ошиб кетди: камбағаллик даражаси июн ойи билан солиштирганда 2,4 фоизга ўсди. Қарийб 8 миллион америкалик камбағалликда кун кўрмоқда. 2020 йилда АҚШ юзма-юз келган бу ҳолат бундан 60 йил олдинги камбағаллик даражасидан сўнг энг юқориси бўлиб қолмоқда.

Мавзуга оид