Кескин брекситга кўра, томонлар бир тўхтамга кела олмаса, Британия 31 декабр куни Европа Иттифоқидан ҳеч қандай келишувсиз чиқиб кетиши керак эди. Бу эса кўплаб судлар ва ҳар икки томон учун катта зарар кўринишида муаммолар келтириб чиқарарди. Мишел Барнье ва Дэвид Фрост бошчилигидаги гуруҳ ниҳоят 31 декабрдан кейин ЕИ ва Британия ўртасидаги савдо алоқалари, умуман, икки томонлама манфаатли муносабатлар қандай бўлиши борасида музокараларни муваффақиятли якунлашди.
668 миллиард фунтни бошқарувчи келишув
«2016 йилги референдум вақти британияликларга таклиф қилинган барча ваъдалар ушбу келишувда амалга оширилди. Биз пулларимиз, чегараларимиз, қонунларимиз, савдомиз ва балиғи бор сувларимиз устидан назоратни қайтиб олдик. Биз Европа Иттифоқи тарихидаги илк тўлови бўлмаган тарифга ва квотага эга шартномани имзоладик. Бу икки томонлама шартнома 2019 йилда 668 миллиард фунтни ташкил этган йирик савдо айланмасини назорат қилади», дейилади қироллик ҳукумати баёнотида.
«Брексит тарихга айланиб, ишлашда давом этишимиз керак»
Брюсселда ўтказилган матбуот анжуманида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен хоним келишувни ҳалол ва ҳар жиҳатни ҳисобга олувчи деб атади. Еврокомиссия раҳбари бу ишни тезроқ тугатиб, келажакка қараш кераклигини, Британия иттифоқнинг ишончли ҳамкори бўлиб қолишини айтган.
«Бугун танамда енгиллик туйдим. Қийин кунларни бошдан ўтказаётган британиялик дўстларимизга шундай демоқчиман: айрилиқ қайғу, лекин унинг тўлиқ амалга ошиши ўз навбатида ширин ҳам. Европаликларга эса брексит энди тарихга айланганини айтмоқчиман. Бизнинг келажагимиз Европада.
Кейинги тўрт йилда Европа Иттифоқи бирдамлигини сақлаб қолиш, Ирландия оролидаги мувозанатни сақлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, бозорларнинг бирдамлигини сақлаш ва Британия билан янги ҳамкорликни яратиш каби ишларни амалга оширишимиз керак. Ҳаммага раҳмат», деган Урсула фон дер Ляйен матбуот анжуманидаги таъсирли чиқиши давомида.
Еврокомиссия раҳбарининг айтишича, музокаралар вақтида кескин брексит 450 миллион европаликдан кўра, 66 миллион британиялик учун зарарлироқ бўлишини инобатга олган ҳолда ўтказилган. Келишувда томонлар ягона бозорда соғлом рақобатни амалга ошириши ва бу келишув ортидан қандайдир устунликка эга бўлмаслиги таъминланган.














