20:12 / 25.12.2020
24459

Танқиддан сўнг: «Тошкент сити» қурилиши сабаб бузилган ресторан учун 14,9 млрд сўм компенсация тўлаб берилди

«Тошкент сити» қурилиши муносабати билан бузилган «Мармарис» ресторани эгаларига 14,9 млрд сўм компенсация қарийб 3 йилдан сўнг қоплаб берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ ҳисобига 14,9 млрд сўм қарздорликни тўлиқ тўлаб берди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ юристи Санжар Муҳаммаджоновнинг таъкидлашича компенсация тўлови жорий йил 24 декабр куни Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан фирманинг банкдаги ҳисобрақамига ўтказиб берилган. 

Kun.uz’да мавжуд маълумотларга кўра, ҳокимлик МИБ Чилонзор тумани бўлими томонидан киритилган ижро варақаларига асосан 17 та тадбиркорлик субъектига жами 79,9 млрд сўм компенсация маблағларини тўлаб берган.

Эслатиб ўтамиз, 21 ноябр куни Kun.uz cайтида бу ҳақда танқидий мақола эълон қилинган эди.

«Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖга тегишли бўлган «Мармарис» ресторани «Тошкент сити» қурилиши муносабати билан 2017 йилда ҳеч қандай тўлов бермасдан бузиб ташланган эди. Иншоот «Веритас» МЧЖ баҳоловчи ташкилоти томонидан 14 млрд 856 млн сўмга, етказилган зарар миқдори эса 2 млрд 377 млн сўмга баҳоланади.

Ресторан мулкдори етказилган зарарнинг қопланишини сўраб ёзган барча мурожаатлари эътиборсиз қолдирилгач, «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритади. 2020 йил 8 июл куни суд жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳисобидан «Меҳнат Агрофирмаси» МЧЖ фойдасига 14 млрд 856 млн сўм компенсация тўлови ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

МИБ пойтахт ҳокимлигидан 150 дан ошиқ ҳақдорлар борлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 917 та кўчмас мулкига, транспорт воситаларига банд солиб қўйилганини айтиб 3 ойгача мулк ундиролмай юрган.

19 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев турли даврларда Тошкент шаҳрида давлат ташкилотлари ва ҳокимият эҳтиёжлари учун бузиб ташланган хусусий мулклар эгаларига қарздорлик 2021 йил охиригача қайтарилишини маълум қилган эди.

«Албатта, ҳеч қўрқмасдан айтишим мумкинки, бу йил Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2005 йилдан бошлаб бузилиб кетган мулкларнинг пулини тўлади. Айтмоқчиманки, бизнинг ҳисобларимиз бор, келаси йилнинг охиригача жойи бузилган бирорта ҳам одам тўловсиз қолмайди. 2021 йилда 2005 йилдан бугунгача бузилган ҳамма бинолар адолатли бўлса, нарх тафовути тўғри бўлса ёки суд қарори бўлса, пули тўланмасдан қолмайди. Пулини берамиз ёки ер кўринишида берамиз. Ерини беролмасак, бошқа мулк кўринишида берамиз”, — деган эди Тошкент шаҳар ҳокими.

Top