21:08 / 25.12.2020
3580

Ucell Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ахборотидаги ноаниқликлар бўйича ойдинлик киритди

«CОSCОМ» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги веб-сайтида эълон қилинган «Иловани юклаб олинг, чироқни ишқаланг ва совғаларга эга бўлинг» сарлавҳаси остидаги мақоладаги ноаниқликлар бўйича ойдинлик киритди.

Фото: Ucell матбуот хизмати

23 декабр куни Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ucell уяли алоқа оператори томонидан деярли 338 минг абонентга нисбатан қонунбузарликлар аниқлагани, умумий зарар 97,4 миллион сўмдан ортиқни ташкил этиши ва бу маблағ айни вақтга келиб истеъмолчиларга қайтариб берилгани тўғрисида ахборот тарқатганди. Ucell компанияси агентликнинг бу баёнотида ноаниқликлар борлигини маълум қилди.

«Ucell «First IТ-Group» МЧЖ контент-провайдери базасида тақдим этилган «Al-Chiroq» мобил иловаси ишида аниқланган техник носозликни шу куни, яъни 2020 йил 30 сентябрда бартараф этишни бошлади.

2020 йил 5 октябр куни Ucell абоненти томонидан «Al-Chiroq» хизматининг ишлаши тўғрисида шикоят билан компаниянинг Call-марказига қайта қўнғироқ келиб тушган пайтда, техник носозликни бартараф этиш бўйича тадбирлар контент-провайдер томонидан муваффақиятли якунланди ва «Al-Chiroq» иловасининг ишлаши тўлиқ тикланди.

Ucell, бозорнинг масъулиятли иштирокчиси сифатида, техник носозликларни бартараф этгандан сўнг, ушбу мобил иловадан фойдаланган компания абонентлари учун 30 сентябрдан 5 октябргача муддатда бўлган тўловларни қайта ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида текширув бошлади .

2020 йил 6 октябрдан 9 октябргача Ucell қайта ҳисоб-китоб қилиш учун таҳлил ва барча зарур процедураларни ўтказиб, унда «Al-Chiroq» иловаси фаолиятидаги техник носозликни бартараф этиш даврида 337 975 Ucell абоненти ушбу дастурдан фойдалангани аниқланди. Ушбу абонентларнинг ҳисобидан ечиб олинган 97 432 379,33 сўм миқдоридаги маблағ 9 октябр куни охирига қадар Ucell абонентларига қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги 337 975 нафар абонентга 97 миллион сўмдан ортиқ сўм қайтарилиши ҳақида фақат 6 ноябр куни Ucell компаниясининг агентликнинг 2020 йил 11 ноябрдаги сўров хатига берган жавобидан сўнг хабар топган.

Шу билан бирга, 19 ноябр куни компания қўшимча равишда ҳар бир абонентга маблағ қайтарилганини тасдиқловчи 6377 саҳифадан иборат ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига тақдим этган.

Шунинг учун ҳам, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан берилган мақоладаги «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан муаммони ҳал қилиш жараёнида тизимдаги (2020 йил 30 сентябрдан 4 октябргача) ускуналар ишламай қолганлиги сабабли акция доирасида иштирок эта олмаган 337 975та абонентнинг фойдаланилмаган хизмат кунлари учун маблағлари компания томонидан тўлиқ қайтариб берилди ва бу 97 432 379,33 сўмни ташкил этади», деган сўзлари нотўғри маълумотдир, чунки аслида Ucell Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигидан 2 ноябрда келиб тушган сўровга қадар маблағларни қайта ҳисоблаб чиққан ва пулларни ўз абонентларига қайтариб бериб бўлганди.

Икки йилдан ортиқ вақтдан бери, 2018 йил 5 декабрдан бошлаб МЧЖ «CОSCОМ» («Ucell» савдо белгиси) 100 фоиз давлатга тегишли компания ҳисобланади. Сўнгги икки йил ичида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистоннинг уяли алоқа бозорида етакчига айланди. Компания мамлакатдаги энг йирик солиқ тўловчилар қаторига киради ва Ўзбекистоннинг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида масъулиятли корпоратив фуқаро сифатида фаол иштироки билан танилган.

Ucell ҳар бир абонент билан шаффоф, очиқ, самарали ва тийинига қадар аниқликда ишлайди», дейилади компания матбуот хизмати муносабатида.

Top