Ўзбекистон | 15:22 / 26.12.2020
17722
2 дақиқада ўқилади

Тошкент метрополитенининг Сергели йўналиши очилди

Жорий йил Мустақиллик байрами арафасида Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи битказилган эди. Бугун унинг яна бир муҳим бўғини – Сергели йўналиши ишга туширилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.

Фото: KUN.UZ

Қайд этилишича, президент Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни ушбу транспорт объектини бориб кўрди. Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари билан бирга поездда юриб, йўловчилар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Бу метро йўналишини лойиҳалаштириш 2017 йилда бошланган эди. Қурилишнинг бориши давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлди.

Узунлиги 7 километрлик мазкур темир йўлда бешта бекат барпо этилган. Метрополитеннинг “Олмазор” бекати билан оралиқда 580 метрлик тоннел қурилиб, ерусти ва ерости йўллари боғланган.

Бекатлар миллий дизайн асосида пардозланган, замонавий технологиялар, электрон тўловли турникетлар, эскалатор ва лифтлар билан жиҳозланган. Бу йўналишда 214 нафар ходим йўловчиларга хизмат кўрсатади.

Ушбу йўналишда кунига 35 мингтагача одам қатнаши мумкин. Шу боис у ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам экологик жиҳатдан улкан аҳамиятга эга. Масалан, Сергели туманини пойтахтимиз маркази билан боғловчи автомобиль йўли аксар ҳолларда тирбанд бўлади. Оқибатда ёқилғи сарфи ортиб, атмосферага катта миқдорда зарарли газлар чиқади. Одамлар манзилига кечикиб, асабийлашади. Янги ерусти метроси эса аҳолига жуда катта қулайлик яратади.

Охирги бекатда ушбу Сергели йўналишини Қўйлиқ йўналиши билан боғлаш, ерусти метросининг кейинги босқичларини қуриш бўйича тақдимот ўтказилди.

- Илгари Сергелига метро келишини биров тасаввур қилганмиди?! Мана, энди халқимизга катта қулайлик пайдо бўлди. Яна бир томони, бу экологик тоза транспорт. Кейинги метро йўлларини ҳам аҳолига маъқул, қулай, хавфсиз, сифатли қилиб қуриш, хориж тажрибасини ўрганиш керак, - деди давлат раҳбари.

Пойтахтда аҳоли зич яшайдиган Қорақамиш, Ибн Сино, Тошкент трактор заводи мавзеларида жамоат транспорти тизимини яхшилаш, автобус йўналишларини мувофиқлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Ерусти метроси тагидаги спорт майдончаси ҳам кўздан кечирилди, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид