12:45 / 29.12.2020
3658

Икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинган

Ўзбекистонда охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномада маълум қилди.

Фото: Рамиль Ситдиков

Қайд этилишича, коррупциянинг олдини олишда, барча давлат органларида қарор қабул қилиш жараёнлари, очиқ ва фақат очиқ  бўлишини таъминлаш, ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

“Масалан, фуқароларимиз жорий йилдан бошлаб очиқ эълон қилинаётган давлат харидларига оид маълумотлардан фойдаланиб ўринли масалаларни кўтармоқда. Шунинг учун, Молия вазирлиги уч ой муддатда давлат идоралари бюджетдан ташқари жамғармаларининг даромад ва харажатлари, давлат улушига эга бўлган ташкилотлар харидлари, давлат субсидия ва грантларига оид маълумотларни эълон қилиш амалиётини йўлга қўяди.

Охирги икки йилда ҳокимларнинг 2,5 мингга яқин қарори судлар томонидан бекор қилингани бундан буён уларнинг қарор қабул қилишида очиқликни таъминлаш зарурлигини тақозо этмоқда. Шунинг учун, маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларини ҳисобга қўйиш ва эълон қилиш бўйича электрон ахборот тизими жорий этилади”, - деди давлат раҳбари.

Таъкидланишича, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бир ой муддатда очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини кенгайтириш бўйича таклиф киритади.

Кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини баҳолайдиган, очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этилади.

Top