Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 81 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда иштирок этди.
Қизил майдонда Ғалаба паради бўлиб ўтди. Унда Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Лаос президенти Тхонглун Сисулит, Малайзия подшоҳи Султон Иброҳим ва бошқа хорижий делегациялар раҳбарлари ҳам қатнашди.



Парад якунланганидан сўнг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин ва бошқа етакчилар билан бирга Москвадаги Александр боғида жойлашган Номаълум аскар қабрига гул қўйди.
Маросим бир дақиқалик сукут, фахрий қоровул ва ҳарбий оркестрнинг тантанали юриши билан якунланди.


Расмий тадбирлар якунида Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин билан учрашув бўлиб ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон етакчиси Тошкентга жўнаб кетди. “Внуково” халқаро аеропортида олий мартабали меҳмонни Россия расмийлари кузатиб қўйди.

Фашизм устидан ғалабага Ўзбекистоннинг ҳиссаси
Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага жанггоҳларда ва фронт ортида чинакам қаҳрамонлик кўрсатган Ўзбекистон кўп миллатли халқининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Уруш арафасида республикамиз аҳолиси 6 миллион нафардан зиёд эди. Синовли йилларда қарийб 2 миллион нафар ўзбекистонлик фронтга сафарбар этилди. Қонли жангларда 538 мингдан ортиқ юртдошимиз ҳалок бўлди, 158 мингдан зиёди бедарак йўқолди.
Жасорати, мардлиги ва ҳарбий маҳорати учун Ўзбекистоннинг 214 мингдан ортиқ аскар ва офицерлари жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди. 301 нафар юртдошимизга Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони берилди, яна 70 нафари “Шон-шараф” орденининг тўлиқ кавалери бўлди.










