Ўзбекистон | 22:55 / 30.12.2020
18999
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автобус-боғчалар фаолият бошламоқда

«Ақлвой» мобил боғчалари мактабгача таълим ташкилотлари бўлмаган чекка ҳудудлардаги болаларга бепул хизмат кўрсатади.

Мактабгача таълим вазирлиги 49та «Ақлвой» автобуси – мобил боғчаларнинг янги партиясини фойдаланишга топширди.

Улар узоқ, бориш қийин бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи болаларга мактабгача таълим хизматини кўрсатишга мўлжалланган. Бу ҳақда автобуслар тақдимотида иштирок этган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда республика бўйлаб 3,5 мингдан ортиқ маҳаллада давлат боғчалари йўқ. Бу ҳудудларда болалар зарур билимсиз ва мактабга тайёргарликсиз қолишмоқда.

«Ақлвой» автобуслари эса бу муаммога ечим бўлади. Лойиҳанинг пилот босқичида мобил боғчаларга талаб юқорилиги маълум бўлди. Ота-оналар ўз фарзандларини шу каби боғчаларга ёздириб қўйишди», – деди Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева.

«Ақлвой» автобуслари қуёш батареяси, кондиционер, ҳожатхона, иссиқ-совуқ сув, тамаддиларни иситиш учун жой каби қулайликларга эга.

Мобил боғчаларда ҳамшира йўқлиги боис тарбиячилар зарурий тиббий билим ва кўникмалар бўйича тайёргарликдан ўтган.

Мобил боғчалар бепул хизмат кўрсатади.

Билдирилишича, «Ақлвой» автобуслари январ ойидан ўз ишини бошлайди, уларнинг тўлиқ қувватда ишга тушиши 2021 йил баҳорига режалаштирилган.

Шунингдек, 2021 йилда республика бўйича жами 98та туманда мобил боғчалар фаолиятининг йўлга қўйилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид