Жаҳон | 21:36 / 30.12.2020
35766
4 дақиқада ўқилади

Хорватияда мамлакат тарихидаги энг вайронкор зилзила содир бўлди. Силкинишлар уч кундан буён тўхтамаяпти

Хорватияда уч кундан буён зилзилалар содир бўлмоқда. 28 декабр куни бошланган серияли силкинишлар 30 декабр куни эрталаб ҳам кузатилган.

Фото: Antonio Bronic / Reuters

Энг кучли – рихтер шкаласи бўйича 6,4 магнитудали силкиниш 29 декабр куни Тошкент вақти билан соат 16:19да содир бўлган. Унгача 5,2 ва 4,4 магнитудали зилзилалар кузатилган. Бугун Тошкент вақти билан соат 10:15 ва 10:26 оралиғида 4,7 ҳамда 4,8 магнитудали иккита ер силкиниши сезилган.

7 киши ҳалок бўлган
Зилзила марказидан 3 километр узоқликда жойлашган Петринья шаҳри зилзиладан жиддий зарар кўрган. У ерда 12 ёшли қизча бинолар остида қолиб ҳалок бўлган. Зилзила яқиндаги Глина шаҳрига ҳам жиддий зарар етказган ва бу шаҳарчада 5 киши ҳалок бўлган. Жажина шаҳридаги черков вайронлари остидан яна бир кишининг жасади топилган. Бутун мамлакатда вайроналар остида қолганларни қидириш ишлари давом этмоқда.

Хорватия президенти Зоран Миланович вайронага айланган 20 минг кишилик Петринья шаҳрига борди ва юзага келган ҳолатни Грознийдаги чечен урушидан кейинги ҳолатга ўхшатди. Мамлакат бош вазири Андрей Пленкович ОАВ вакилларига шаҳар ортиқ яшаб бўлмайдиган даражага келганини маълум қилган.

Шаҳардаги болалар боғчаси вайрон бўлган. Яқин атрофда жойлашган ва Хорватия ҳамда Словенияга тегишли «Кршко» атом электростанцияси фаолияти хавфсизлик нуқтайи назаридан тўхтатилган. Петринья мэри Даринко Думбович шаҳардаги биноларнинг ярми тиклаб бўлмайдиган даражада вайрон бўлганини маълум қилди. У ОАВ вакилларига бу ҳақида маълум қилаётган вақтда такрорий силкиниш содир бўлган.

«Биз бинолар остидан одамларни чиқариб олар эканмиз, улар тирикми ёки ўлик била олмасдик», деган мэр журналистлар билан суҳбатда.

Тарихдаги энг вайронкор зилзила
Содир бўлган зилзила Хорватия пойтахти Загребда ҳам сезилган. Шунингдек, Сербия ва Боснияда ҳам яхшигина ер силкиниши қайд этилган. Маълум бўлишича, зилзила ер остидан 10 километр чуқурликда содир бўлган. Америкалик сейсмологларнинг аниқлашича, бу Хорватияда (мамлакат 1991 йил мустақиллик эълон қилган) ер силкинишларини аниқловчи замонавий тизим пайдо бўлганидан бери кузатилган энг юқори магнитудали зилзила ҳисобланади. 1880 йилда ҳам Загребда тахминан шундай магнитудали зилзила содир бўлган.

ВВС мухбирининг маълум қилишича, Петринья шаҳри учун зилзила жуда ёмон таъсир қилган. Чунки 1990 йилги урушда вайрон бўлган шаҳар энди-энди тикланиб, одамлар яхши яшай бошлаганди. Хорватия президенти ва бош вазир Петриньяда бўлиб, шаҳарни тиклаш учун керакли пул ажратилишини маълум қилишган.

Шаҳарнинг юзлаб фуқаролари мактаблар, спорт залларда ташкил этилган вақтинча турар жойларда янги йилни кутиб олишга мажбур. Улар уйларига қайтишдан умидларини узишган, чунки жуда кўп уйлар яшаб бўлмайдиган ҳолатга келган. Яшаш мумкин бўлган уйларда ҳам электр таъминоти узилган.

Мамлакат ёрдамга шошилмоқда
Зилзила оқибатида вайрон бўлган Петриньяга бутун Хорватиядан гуманитар ёрдам юборилмоқда. Кўнгиллилар фавқулодда хизмат вакиллари билан бирга вақтинча яшаш учун палаткалар ташкил этишди. Улар палаткалардаги одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун навбатчилик тартибида ишламоқда. Қўшни мамлакатлардан ҳам гуманитар ёрдам кела бошлади. Хусусан, Италия Петриньяга 100та палатка ва керакли жиҳозларни ёрдам сифатида юборган.

Сейсмологларнинг айтишича, зилзилалар ҳали яна такрорланиши мумкин. Шу сабабли хорватияликлар огоҳликка чақирилган. Хорватия бўйлаб барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган зобитлари ва армия қутқарув ишларига жалб қилинган. Европа Иттифоқи қитъанинг иқтисодий жиҳатдан ортда қолган давлатларидан бўлган Хорватияга керакли ёрдамни беришини маълум қилди.

Хорватияда 2 январ куни зилзила қурбонлари ҳурматига мотам куни деб эълон қилинган.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид