Ўзбекистон | 09:41
778
2 дақиқада ўқилади

Хорватия ўзбекистонлик мутахассислар учун эшикларни очиши мумкин

Ўзбекистоннинг Хорватиядаги элчиси Ойбек Шахавдинов Загребда ўтказган қатор учрашувларда меҳнат миграцияси, қўшма таълим дастурлари ва ўзбекистонлик мутахассисларни Хорватия меҳнат бозорига тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабарига кўра, Ўзбекистон элчиси Хорватия ҳукуматининг қатор юқори мартабали вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди. Учрашувларда Хорватия бош вазири ўринбосари, денгиз транспорти ва инфратузилма вазири Олег Буткович, меҳнат, пенсия таъминоти, оила ва ижтимоий сиёсат вазири Ален Ружич, Ташқи ва Европа ишлари вазирлиги давлат котиби Франо Матушич ҳамда бош вазирнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Дино Миханович иштирок этди.

Музокаралар чоғида икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар олий ва юқори даражадаги ташрифларни ташкил этиш, мунтазам сиёсий мулоқотни фаоллаштириш ҳамда икки томонлама муносабатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамловчи ҳукуматлараро битимларни имзолашга тайёр эканини билдирди.

Айниқса, меҳнат миграцияси масаласи музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассисларни Хорватияда меҳнат қилиши учун касбга тайёрлаш, қўшма таълим ва тил дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон элчиси Хорватиянинг йирик энергетика компанияси — JANAF бошқаруви раиси Степан Аданич билан ҳам учрашди. Унда инфратузилма ва энергетик лойиҳалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари, иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва шерикликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид