Ўзбекистон | 18:53 / 31.12.2020
14863
3 дақиқада ўқилади

Андижонда янги объектлар тантанали равишда очилди. Шуҳрат Абдураҳмонов — йил якунлари ҳақида

Андижон вилоятида бир қатор саноат ва ижтимоий соҳа объектларининг очилиш маросимлари бўлиб ўтди. Шу кунларда ҳудудда ишга туширилган 30 та ана шундай объектларда 5 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди. Бундан ташқари, шу кунларда кўп қаватли уйлардаги 432та хонадон фойдаланишга топширилди.

30 декабр куни Пахтаобод туманида «Oltin mato teks» корхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов иштирок этди.

Мазкур корхона 400 та иш ўрнига эга бўлиб, асосан калава ип ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Унинг лойиҳа қиймати 135,5 млрд сўмга тенг.

Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 5 минг 100 тоннани ташкил этади. У ерга Швейцария, Германия ва Туркиянинг замонавий дастгоҳлари келтириб ўрнатилган.

Шу куни вилоятдаги 121 та оила Хўжаобод тумани Абдулла Набиев номли массивда қуриб битказилган турар жой калитларини тантанали равишда вилоят ҳокимидан қабул қилиб олди.

Вилоятнинг Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хўжаобод, Балиқчи, Андижон, Марҳамат туманларидан кўчиб келган ногирон ва меҳнатга лаёқати чекланган, уй-жойга муҳтож фуқаролар учун янги турар жой масканида зарур шароитлар бор. Мактаб, боғча, маданият саройи, ишлаб чиқариш корхоналари шулар жумласидан.

31 декабр Андижон шаҳрининг Мустақиллик кўчасида барпо этилган янги хонадонлар турли соҳаларда муваффақиятларга эришаётган 60 та ёш оилага тантанали тарзда топширилди.

Вилоят ҳокими ёш оилаларга янги уйларнинг калитларини давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва уларнинг ота-оналари, кексалар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилояти Кенгаши фаоллари иштирокида топширди.

«Ёшлар уйлари» 20 йил муддатга имтиёзли ипотека кредити асосида берилди. Янги уйлар икки ва уч хонали. Болалар учун ўйин майдончалари ҳам қурилган.

«2020 йилда биз 42 мингта иш ўрни яратиладиган 958 та лойиҳани режалаштирган эдик. Мана бугун шулардан бири – Пахтаобод туманидаги «Олтин мато текс» корхонасини очдик. Бу ерда 400 нафарга яқин хотин-қизлар муқим иш ўрни билан таъминланди. Уларнинг ойлик маоши 2 млн сўм атрофида.

Биз бу йил вилоятимиз бўйича 958 та 7,4 трлн сўмлик лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган эдик. Ҳаммаси 100 фоиз амалга ошяпти. Келаси 2021 йилда олдимизга шуни 130 фоизга ошириш вазифаси қўйилган. Яъни бу йил 7,4 трлн сўмлик қилган бўлсак, бугун қўлимизда 11,5 трлн сўмлик лойиҳалар турибди.

Бугун-эрта очилаётган 30дан ортиқ объектдан 26 таси саноат корхоналаридир.

Бундан ташқари, йил якуни бўйича биз уй-жойга муҳтож оилаларни уй билан таъминлашни ҳам олдимизга жуда катта мақсад қилиб олган эдик. Бугун, мана, Боғишамол ҳудудида 432 та хонадонни уй-жойга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга топширдик. Шундан 132 таси давлатимиз томонидан субсидияланган, яъни бошланғич тўлови тўлаб берилган аҳоли қатламидир.

Бундан ташқари, Мустақиллик кўчасидаги бугун фойдаланишга топширилган «Ёшлар уйи»га 60 та хонадонга ёш оилаларимиз имтиёзли равишда эга бўлишди», – деди вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов.

Элмурод Эрматов,

Жаҳонгир Маҳмудов

Мавзуга оид