Ўзбекистон | 19:58 / 04.01.2021
15781
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон бўйлаб электр энергиясида узилишлар кузатилмоқда. Муаммо яқин соатларда ҳал этилиши маълум қилинди

Қашқадарёдаги бир нечта газ конларини электр билан таъминловчи тармоқлардаги ўчиш сабаб ИЭСларда газ босими пасайган. Натижада республика ҳудудлари бўйлаб 600–800 МВтгача чекловлар кузатилмоқда.

Ўзбекистонда электр энергияси таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги муаммо кеч соат 23:00га қадар бартараф этилишини маълум қилди.

Хабар қилинишича, бугун, 4 январь куни соат 6:59 ва 10:10да Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган «Нефтчи» подстанциясидан чиқувчи Л-Зеварда–1,2 электр узатиш тармоқлари реле ҳимоясидан ўчган.

Натижада электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига етказиб берилаётган табиий газ соатига 140–175 минг метр кубга қисқарган. Бунинг натижасида электр энергияси таъминотида республика ҳудудлари бўйлаб 600–800 МВтгача чекловлар кузатилмоқда.

«Ушбу юзага келган носозлик махсус бригада томонидан соат 12:15да бартараф этилиб, Зеварда, Жанубий Кемачи, Жанубий Ўртабулоқ, Денгизкўл, Сомонтепа сиқув компрессор станцияларидаги газ ҳайдаш агрегатлари қайта ишга туширилмоқда. Натижада магистрал газ қувурларига етказиб берилаётган табиий газ сарфи қайта тиклана бошлади.

Юзага келган муаммо бугун соат 23:00га қадар тўлиқ бартараф этилади. Носозлик сабаблари тегишли мутахассислар томонидан аниқланмоқда.

Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», – дейилади вазирлик ахборотида.

Мавзуга оид