11:28 / 06.01.2021
9253

Сергели орқали ҳаракатланувчи автобуслар йўналишининг мақбуллаштирилиши юзасидан изоҳ берилди

Сергели ер усти метро йўналиши ишга туширилиши муносабати билан Тошкент шаҳрида 2021 йил 11 январ санасидан 8-, 32-, 38-, 80-,131-, 132-, 133-сонли автобус йўналишлари мақбуллаштирилиши маълум қилинди. Бу хабар ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида норозиликларга сабаб бўлди.

2020 йил 26 декабрдан бошлаб, Тошкент метрополитенининг Сергели ер усти йўналишининг очилиши муносабати билан Сергели ва Янгиҳаёт туманлари орқали ҳаракатланувчи 7 та автобус йўналишлари фаолиятини 2021 йил 11 январ кунидан бошлаб мувофиқлаштириш жорий қилинди.

“Тошшаҳартрансхизмат” томонидан ишлаб чиқилган режага мувофиқ, Сергели 7-даҳасидан – Чилонзор 25-даҳага қатновчи 8-сонли, Сергели 7-даҳадан – Гулобод кўчасига қатновчи 132-сонли автобус йўналишларини ёпиш, 32-, 80-, 131-, 133-сонли автобус йўналишлари ҳаракатини қисқартириш, 38-сонли автобус йўналиши ҳаракатини эса узайтириш белгиланган эди.

Режада келтирилишича, мазкур 7 та автобус йўналишларидан бўшаган 25 та автобуслар Сергели, Янгиҳаёт ва Чилонзор туманларидаги йўловчилар оқими кўп бўлган ва автобуслар сони етишмаётган бошқа йўналишларга қўйилади.

Хусусан:

131-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Олимпия мавзеси” автобус йўналишида хизмат кўрсатиш ҳуқуқи “12-автобус саройи” МЧЖдан “4-автобус саройи” МЧЖга ўтказилади. Ушбу йўналиш ҳаракати “Дўстлик 2-мавзеси”дан “Жанубий вокзал” автошоҳбекатигача қисқараётганлиги муносабати билан йўналишдаги жадваллар сони 12 та этиб белгиланади. 8-сонли автобус йўналиши ёпилиши ҳисобига бўшаган 12 та Mercedes Benz русумли автобуслар “4-автобус саройи” МЧЖ томонидан 131-сонли йўналишда тасарруф этилади;

62-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – М.Юсуф кўчаси” автобус йўналишидаги ҳаракат таркиби 8 та SAZ LE-60 русумли ўрта сиғимли автобуслардан 10 таси MAN A22 русумли катта сиғимли автобусларга ўзгартирилади ҳамда йўналишда ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та) кўпайтирилади;

47-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Гулобод кўчаси” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 12 тага (+4 та катта сиғимли автобусларга) оширилади;

58-сонли “Дўстлик 2-мавзеси – Экскаватор заводи” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 16 тадан 18 тагача (+2 та катта сиғимли автобусларга) етказилади;

40-сонли “Сергели 12-даҳаси – Тошкент вокзали” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та катта сиғимли автобусларга) кўпайтирилади;

48-сонли “Новатор ИЧБ – Ал-Хоразмий мавзеси” автобус йўналишидаги ҳаракат таркиби 4 та ISUZU русумли кичик сиғимли автобуслардан 8 та SAZ LE-60 русумли ўрта сиғимли автобусларга ўзгартирилади. Йўналишда ҳаракатланадиган автобуслар сонини 4 тадан 8 тага оширишга эришилади;

48-сонли автобус йўналишидан бўшаган 4 та ISUZU русумли автобуслар белгиланган жадваллар сонини тўлдириш учун автобуслар сони етишмаётган 66-сонли “Сергели Спутник 17-даҳаси – Тошкент вокзали”, 184-сонли “Бинокор қўрғони – Қипчоқ автошоҳбекати” автобус йўналишларига бириктирилади. 66-сонли йўналишга 2 та, 184-сонли йўналишга 2 та ISUZU русумли автобуслар бириктирилади. 40, 47, 48, 58, 62-сонли автобус йўналишларидаги автобуслар сонининг жами 14 тага кўпайтирилиши “Дўстлик 2-мавзеси - Жанубий вокзал” манзиллари оралиғида ҳаракати қисқараётган 131-сонли йўналишга муқобил йўналишларни шакллантириш имкониятини беради;

135-сонли “Назарбек қўрғони – Тўқимачилик комбинати” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 7 тадан 10 тага (+3 та кичик сиғимли автобусларга) қўшилади;

32-сонли “Эркин қўрғони – Гулобод кўчаси” автобус йўналишида ҳаракатланадиган автобусларнинг сони 8 тадан 10 тага (+2 та кичик сиғимли автобусларга) кўпайтирилади.

Шунингдек, йўловчилар томонидан Сергели ва Янгиҳаёт туманлари ҳудудидан Чилонзор туманидаги бекатларгача етиб олиш учун жамоат транспортларида - метрополитенда (5-бекатдан – Чилонзор бекатигача) – 15 дақиқа, автобусда (Дўстлик ва Сергели ярмарка бекатларидан) – 35-50 дақиқани ташкил этиши мақсад қилинган.

Режага мувофиқ, аҳолининг метрополитен хизматидан фойдаланишга ўтиши натижасида, уларнинг жамоат транспортларидаги қатнов вақтлари 70 фоизгача тежалади.

Top