Жаҳон | 08:56 / 07.01.2021
40083
4 дақиқада ўқилади

Конгрессга ҳужум: Полиция намойишчиларни ҳайдаб чиқарди, Байден бу ҳодисани исён деб атади

Вашингтондаги Конгресс биносида юзага келган тартибсизликлар бартараф этилди. Бир неча соат олдин Доналд Трампнинг тарафдорлари Капитолийга бостириб кириб, тартибсизлик уюштиришганди.

Аввалига Пентагон Конгресс биносидаги тартибсизликни бостириш учун миллий гвардия зобитларини жалб этмаслигини маълум қилганди, лекин Трампнинг топшириғидан сўнг мингдан ортиқ миллий гвардия аскарлари Капитолийга бориб, тартибсизликларни тўхтатишди.

Баъзи нашрлар аскарларни юборишга Трамп эмас, Майк Пенс топшириқ берганини айтмоқда. Полиция намойишчилар яна бинога киришга уринмаслиги учун кўздан ёш чиқарувчи газ ишлатишга мажбур бўлган.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден Капитолийдаги воқеалар фонида америкаликларга мурожаат қилди ва бўлиб ўтган воқеани исён деб атади. Байден президент Трампдан миллий телеканал орқали намойишчиларни тўхтатишга чақиришни талаб қилди. Кўп ўтмай Трамп твиттердаги саҳифасида видеомурожаат эълон қилди. «Сизнинг дардингиз, аламингизни тушуниб турибман. Биз сайловларда ноҳақликка учрадик, лекин уйга кетадиган вақт бўлди. Тинчликни сақланг ва бир-бирингизни ҳурмат қилинг», деди Трамп мурожаатида.

Твиттер Трампнинг бу твитини тарқатиб бўлмайдиган қилиб қўйди. Яъни унга лайк босиб ҳам, ўқувчиларга улашиб ҳам бўлмайди. Шунингдек, твиттер намойишларга чиқишга ундовчи ҳар қандай постни блоклашини маълум қилди. Кейинроқ твиттер Трампнинг саҳифасини блоклаб қўйди. Трамп сайлов билан боғлиқ ўқувчиларни чалғитувчи охирги учта постини ўчирганидан 12 соат ўтиб унинг саҳифаси тикланиши мумкин. Унгача Трамп ўз саҳифасида ҳеч нима ёза олмайди.

Твиттер билан боғлиқ яна бир қизиқ воқеа содир бўлди. Трампнинг қизи Иванка ўз саҳифасида Капитолийга бостириб кирганларни ватанпарварлар деб атаб твит ёзди. Лекин кўпчилик бу гапни ёмон кутиб олгач, Иванка постини ўчириб ташлади.

Капитолийга бостириб кирганлар орасида бўлган қизга ўқ узилгани тасвирланган видео тарқалганди. NBC хабарига кўра, ўша қиз касалхонада вафот этган. Яна бир намойишчи Капитолий деворидан йиқилиб тушиб, оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган.

АҚШнинг собиқ президенти кичик Жорж Буш бўлиб ўтган воқеалар Америкага хос эмаслигини айтди. «Сайлов натижаси «банан республикаларда» (сиёсий барқарорлик бўлмаган ва қишлоқ хўжалигига қараб қолган Лотин Америкаси давлатлари рамзий маънода шундай аталади) шу тариқа талашилади, Америкада эмас», деди у.

Сенатор Жефф Мерклининг айтишича, сенаторлар тартибсизликлар бошлангач, Байденнинг сайловдаги ғалабасини таъминловчи сайловчиларнинг бюллетенлари сақлаб қолинган. Меркли уларнинг суратини ҳам саҳифасига жойлади. Сенаторнинг айтишича, намойишчилар бюллетенларни ёқиб юборган бўларди. Конгресс етакчилари тартибсизликларга қарамай, кечгача АҚШ президентлик сайловларида Жо Байденнинг ғалабасини эълон қилмоқчи.

Маълум бўлишича, бегона одамларнинг Капитолийга бостириб кириши 1814 йилдан буён илк марта содир бўлди. ВВС'нинг ёзишича, Капитолий яқинида иккита қўлбола портловчи восита топилган ва улар зарарсизлантирилган. Капитолий ходимлари тарихий бино яна хавфсиз эканини маълум қилишди. Миллий гвардия ва полиция намойишчиларни тарқатишнинг уддасидан чиққан. Вашингтонда маҳаллий вақт билан соат 18:00дан бошлаб коммендантлик соати жорий этилди.

Кўплаб америкалик фуқаролар ва сиёсатчилар бўлиб ўтган воқеаларда Доналд Трампни айбламоқда. Кўпчиликнинг фикрича, айнан Трампнинг сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги тинимсиз чиқишлари унинг тарафдорлари Конгресс биносигача бостириб киришига сабаб бўлган.

Мавзуга оид