Ўзбекистон | 21:30 / 07.01.2021
9073
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз»: 2021 йил учун геология-қидирув йўналишидаги вазифалар белгилаб олинди

5 январь куни «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида табиий газ ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналари, бошқарма ва заводлар, нефть базалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилгани ҳақида хабар берилган эди. Унда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тармоғида 2021 йил «Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш йили» деб эълон қилинди.

Шунингдек, жорий йилда 35 млрд куб метр табиий газ захираларини ва 900 минг тонна газ конденсати захираларини ўстириш вазифаси белгилаб олинди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 2021 йилда геология-қидирув ишларини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра, жорий йил давомида 1370 кв.км 3Д сейсморазведка ишлари амалга оширилади.

3Д сейсмик қидирув ишлари натижасида Бухоро–Хива нефтгаз регионининг Газли участкасидаги «Учқир», «Шўртан» ва «Шўртан» олди конлари атрофининг геологик тузилиши ўрганилади ва нефт-газга истиқболли структуралар аниқланади.

Шунингдек, 19 та янги истиқболли майдонда бурғилаш ишлари олиб борилади. Излов-қидирув қудуқларида белгиланган 170,0 минг погон метр ҳажмда бурғилаш ишлари олиб бориш натижасида 50 та қудуқ қурилишини тугатиш назарда тутилмоқда.

Дастур доирасида ер қаърини илмий асосда геологик ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқот ишларининг ўтказилиши истиқболли нефтгаз ҳудудларини аниқлаш, янги нефть ва газ конлари ва объектларининг очилиш, геология қидирув ишларининг йўналишларини белгилаш ва мувофиқлаштириш, кутилаётган углеводород захираларини ўстириб бориш ҳамда унга бўлган тақчилликни бартараф қилиш имконини беради.

Геология қидирув ишлар натижасида, табиий газ – 35,0 млрд куб метрга, суюқ углеводородлар эса 900,0 минг тоннага ўстирилади.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Мавзуга оид