Карантин ва пандемия пайтида ходимларни ишдан бўшатишдан ҳимоялаш бўйича қатор чоралар қабул қилиниши кутиляпти
Касаба уюшмалари федерацияси аппаратининг бўлимлари жойлардан олинган таклифлар ҳамда қонунчиликдаги янгиликлар асосида 2021 йил учун жамоа шартномасининг умумий макетини ишлаб чиқди. Бу ҳақда федерациянинг Меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими хабар берди.
Қайд этилишича, макетга президентининг фармонлари ва қарорлари асосида “Коронавирус ёки бошқа юқумли касалликлар туфайли жорий қилинган карантин чоралари даврида ходимларга бериладиган имтиёз ва кафолатлар” деб номланган янги бўлинма киритилди.
Унда:
- коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланиши;
- вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида тўланиши;
- карантинга оид чоралар амал қилиши даврида иш берувчи ходимларни, айниқса ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган ҳамда сурункали касалликка чалинган шахсларни, уларнинг розилиги билан, масофадан туриб ишлаш усулига, қулай иш графигига ёки уйдан туриб ишлашга ўтказиши лозимлиги ва бошқа кафолатлар кўзда тутилган.
Макетда ходимларни оммавий равишда ишдан озод этиш мезонлари “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонун нормаларига мослаштирилди.
Иш ҳақи масаласида автотранспорт ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлаш “Автомобиль транспорти ҳайдовчилари меҳнатига ҳақ тўлашнинг умумий шартлари тўғрисидаги низом”га мувофиқ амалга оширилиши тавсия этилди.
Президентнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида макетга қуйидаги меъёрлар ҳам киритилди:
- жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш учун етарли моддий ва бошқа шароитлар яратиб бериш (махсус спорт хоналарини ажратиш) ҳамда меҳнат жамоасида “ходимлар гимнастикаси” ва “спорт дақиқалари”ни жорий этиш;
- технология, ишлаб чиқариш ва иш шароитларидан келиб чиқиб, ходимларга “ходимлар гимнастикаси” машқларини бажариши учун ҳамда иш вақтига киритиладиган “спорт дақиқалари” учун махсус танаффусларни белгилаш;
- соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга “Спорт тарғиботчиси” қўшимча вазифасини юклаш ва унинг базавий лавозим маошига 20 фоиз миқдорида устама белгилашни йўлга қўйиш;
- иш вақтидан сўнг танланган кунларда (ҳафтада камида бир марта) раҳбар ва барча ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари (югуриш, стритбол, футбол, бадминтон, волейбол, баскетбол, стол тенниси, сузиш ва бошқалар) билан шуғулланишини ташкил қилиш.
Ёшлар учун қўшимча имтиёзлар ва кафолатлар қаторига:
- меҳнат жараёнида юқори кўрсаткичларга эришаётган, касаба уюшмаларида фаол ва шижоатли ёшларни рағбатлантириш;
- ёш ходимларни маданий-маърифий тадбирлар, касб маҳорати бўйича танловларда фаол иштирок этишини таъминлаш масалалари киритилди.
- 2021 йил учун жамоа шартномаси умумий макетининг тўлиқ матни Касаба уюшмалар федерацияси порталида жойлаштирилган.
Мавзуга оид
08:50 / 22.11.2024
200 мингдан ортиқ фуқаро иқтисодий ривожланган мамлакатларга ишга юборилиши мумкин
13:27 / 21.11.2024
Ўзбекистон фуқаролари Малайзияда қонуний асосда иш билан таъминланиши мумкин
15:39 / 19.11.2024
Петербургда Ўзбекистон фуқаролари қонуний тарзда иш билан таъминланади
19:31 / 14.11.2024