Ўзбекистон | 15:28 / 08.01.2021
6951
2 дақиқада ўқилади

«Лукойл» Ўзбекистоннинг уч вилоятида болалар боғчалари қуради

«Lukoil Uzbekistan Operating Company» томонидан Бухоро, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 550 ўринга мўлжалланган болалар боғчалари қуриш режалаштирилган.

Нефть-газ қазиб чиқариш ва унинг экспорти билан шуғулланувчи хорижий компания томонидан 3та вилоятда мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш режа қилинган. Лойиҳа доирасида қурилиш ишларига кейинги икки йил давомида 12 миллион доллар маблағ ажратилади. Бу ҳақда 2021-2023 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурида маълум қилинди.

Шунингдек, «Lukoil Uzbekistan Operating Company» томонидан Қандим гуруҳи конларида газни қайта ишлаш заводи қурилиши, Ҳаузак ва Шоди конларини ўзлаштириш ҳамда Қўнғирот участкасида маҳсулот тақсимотига оид битим асосида геология-қидирув ишларини олиб бориш учун 2046 йилгача бўлган муддатда 6 миллиард 250 миллион доллар, Ҳисор инвестиция блоки ва Устюрт минтақаси бўйлаб маҳсулот тақсимотига оид битимга асосан конларни ўзлаштириш ва углеводородларни қазиб олиш ишлари учун 2042 йилгача 1 миллиард 795 миллион доллар инвестиция киритилиши белгиланган.

Маълумот учун, «Lukoil Uzbekistan Operating Company» Ўзбекистонда 2004 йилда Қандим-Чаузак-Шоди-Қўнғирот лойиҳаси имзолангандан бери фаолият юритиб келяпти.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид