Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда қаҳратон қиш: бошпанасиз кишиларга қандай ёрдам берилади?
Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши кўпчиликка қийинчилик туғдирмоқда. Бундай шароитда уйсиз кишилар айниқса кўпроқ азият чекади.
Умуман олганда, Ўзбекистонда бошпанасиз шахслар деганда кимлар назарда тутилади?
Вазирлар Маҳкамасининг 309-сон қарорига кўра, киши 18 ёшдан ошган бўлса, шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, бирон-бир манзилда доимий яшаш жойи ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинмаган бўлса, ғайриижтимоий хулқ-атворли бўлса, у бошпанасиз (расмий истилоҳда «муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахс») ҳисобланади.
Kun.uz'нинг вилоятлардаги мухбирлари берган маълумотга кўра, ҳозирда бир нечта вилоятларда Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказлари фаолият юритмоқда ва бугунги изғирин кунларда бошпанасиз шахслар шу ерларга ички ишлар ходимлари томонидан олиб бориб жойлаштирилмоқда.

ИИБ ходимлари кўп қаватли уйларнинг ертўлаларидан, подъездлардан, теплотрассалардан бошпанасиз одамларни излаш тадбирларини олиб боряпти.
Пойтахтда бошпанага муҳтожлар шаҳар ИИББ ҳузуридаги Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказида ташкил этилган «Меҳр-саховат» уйига олиб борилади ва у ерда иссиқ овқат, кийим-бош, гигиена воситалари билан таъминланади.
Ушбу марказ Яшнобод туманидаги Баротхўжа маҳалласида жойлашган. Kun.uz мухбири 8 январь куни Реабилитация маркази навбатчилик қисми билан боғланганида, охирги бир сутка ичида 203 нафар бошпанасиз рўйхатдан ўтказилиб, марказга қабул қилинганини маълум қилишди.


Тошкент шаҳар ИИББ навбатчилик қисмига эса 105 нафар фуқаро қўнғироқ қилиб шундай одамлар ҳақида хабар берган ва уларга ёрдам кўрсатилган.
Қишнинг қаҳратонида кўчада қолган, бошпанасиз одамларга ёрдам беришни истаганлар Ўзбекистон бўйлаб 102 рақами орқали хабар беришлари сўралади. Тошкентда эса шаҳар ИИББга қарашли навбатчилик қисмининг (71) 281-90-32 рақами орқали ҳам хабар бериш мумкин.
Маълумот учун, Реабилитация марказларига қуйидаги вазифалар юкланган:
- бошпанасизларни кеча-кундуз қабул қилиш ва рўйхатга олиш;
- бошпанасизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
- уларнинг шахсини аниқлашда тегишли идораларга кўмаклашиш;
- бошпанасизларни белгиланган нормалар асосида озиқ-овқат билан таъминлаш;
- психологик ёрдам кўрсатиш; ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бошпанасиз шахсларга хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини сингдириш;
- меҳнатга лаёқатли шахсларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш;
- қаровсиз қолган кексалар ва ногиронларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда «Саховат» кексалар ва ногиронлар учун интернат уйларига, руҳий касалликка чалинган ногиронларни «Мурувват» ногиронлар учун интернат уйларига, касалларни даволаш муассасаларига жойлаштириш чораларини кўриш ва ҳ.к.
Мавзуга оид
10:07 / 04.09.2025
Ангренда ИИБ терговчиси пора билан ушланди
13:27 / 02.09.2025
ИИБ Навоийда калтакланган фуқаро билан боғлиқ ҳолатга аниқлик киритди
22:24 / 31.12.2024
Римда бошпанасизлар учун қишки палаткалар пайдо бўлди
18:51 / 15.08.2022