Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Гуркираб турган бозорни бузиб, шу ерга уй соламиз деганлар ҳам бўлди» — Толибжон Мадумаров «снос»лар ҳақида
«Гуркираб турган бозорни бузиб, шу ерга уй соламиз деган ҳолатлар ҳам бўлди-да. Бу Тошкент вилоятида бўлди, Наманганда бўлди, Самарқандда бўлди. Қанча жанжаллар бўлди? Буни яшириб ўтиришнинг фойдаси йўқ», – дейди Сенат комиссияси раиси Толибжон Мадумаров.
Олий Мажлис Сенатининг маҳаллий ҳокимият вакиллик органларининг фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров Kun.uz мухбири билан суҳбатда «снос»лар масаласидаги саволларга жавоб қайтарди.
«Гапнинг очиғини айтганда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам «снос» ҳақида яхшироқ қонун йўқ эди. Кейинги беш-олти йил ичида, «снос»лар кучайганидан кейин, бир неча қонун ва норматив ҳужжатларга ўзгартириш киритилиб, шунга биноан «снос» қиласан, дегандан кейин ҳам хатолар бўлди.
Хатоларнинг олдини олиш учун бирма-бир айтилди, «нима учун снос қилинаётганини айтгин, фуқаролар ҳолатини ҳисобга олгин», деб тушунтирилди. Чунки ҳамма ҳам бугунги уйини бузиб, худди шундай уй қурадиган шароитда эмас. Қурилиш материаллари бор... Олаётган ойлиги етмаслиги мумкин. Бу фуқароларнинг кайфиятига ҳам таъсир қилади.
Саноат ривожлана бошлагач, инвестор ўзига қулай жойни танлаб, шу ерда қурсак, инвестиция киритадиган лойиҳамиз муваффақиятли бўлади, деб ҳоким билан келишиб, ҳокимни хатога бошлаяпти. Тушунмаган ҳоким ҳам: «Бўпти, бузсак бўларкан», деяпти...
Гуркираб турган бозорни бузиб, шу ерга уй соламиз деган ҳолатлар ҳам бўлди-да. Бу Тошкент вилоятида бўлди, Наманганда бўлди, Самарқандда бўлди. Қанча жанжаллар бўлди? Буни яшириб ўтиришнинг фойдаси йўқ.
Бунинг сабаби сифатида мулкдорга нисбатан беҳурматлик ва ҳокимнинг халқига бўлган эътиборсизлиги деб биламан.
Тартиб-таомилига кўра, учта шарти бор: мулкдорга объекти бузилиши ҳақида 6 ой олдин айтиб қўйиш керак; мулк бугунги бозор нархида баҳоланиши керак; мулкдор компенсация масаласида рози қилиниши керак», – деди Мадумаров.
Сўнгги йилларда «давлат ва жамият эҳтиёжлари учун» дея аҳоли яшаш жойларидаги ерлар олиниб, кўп қаватли уйлар қуриб юборилган ҳолатлар кўп кузатилди. Шу ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, маълум даврга «снос»лар учун мораторий жорий этиш ҳақидаги саволга сенатор қуйидагича жавоб берди:
«Бу жуда кўп ўрганилди. Мораторийдан кўра, «снос» учун халқ депутатлари кенгаши қарорини олиш тартибини жорий этяпмиз.
Ҳозир ҳаммага тушунтиряпмиз, «ерингизни олиб қўймоқчи бўлишса, кенгаш қарорини сўранг» деб. Олдин шу тартибни кўрайлик-чи, агар ишламаса, мораторийга ҳам ўтишимиз мумкин.
Бу тартиб амалиётда қандай иш беришини бир йил кузатайлик. Мораторий чораси ҳам захирамизда бор. Бу масалалар устида ишлашда давом этяпмиз».
Тўлиқ суҳбатни Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилинг.
Мавзуга оид
17:49 / 08.01.2026
Сирдарёда тадбиркорлар мулки суд қарорисиз бузилмоқда. Шикоятчилар билан ИИБ “шуғулланяпти”
15:38 / 06.07.2021
Наманганда “снос”га тушган уйлар эгасининг розилигисиз бузиб ташланди
13:21 / 30.06.2021
Самарқандда бузилган уй мулкдорлари 4 йилдан буён сарсон: муроса йўли топилмаяпти
13:21 / 11.05.2021