Спорт | 21:48 / 10.01.2021
32690
8 дақиқада ўқилади

«Муаммо 2000-йиллардан бошланган» – Ҳулкар Тоҳиржонова шахмат федерацияси билан боғлиқ можароли ҳолат ҳақида

2020 йилнинг охирги кунларида ижтимоий тармоқларда ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айлангани ҳақида хабар тарқалганди. Ўзбекистон шахмат федерацияси бу хабар ортидан билдирилган қатор танқидларга ўз муносабатини билдирди. Аммо федерациянинг расмий муносабати опа-сингил шахматчиларнинг ўртанчаси Ҳулкар Тоҳиржоновада яна қатор эътирозларни уйғотган.

Гулрухбегим Тоҳиржонова АҚШ номидан дона суриши ҳақидаги хабарлардан кейин Kun.uz’нинг Фарғонадаги мухбири шахматчининг отаси Алишер Мўминов билан боғланган, ота эса бу қарорни қизи мустақил қабул қилгани ва унга қарши бўлмаганини айтиб ўтганди.

«Бу қарор қизимнинг ўзидан чиқди. У 21 ёшга тўлди. Мустақил фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қиладиган ёшга етиб келди. Мен ота сифатида унинг қарорини қўллаб-қувватладим. Эндиликда қизим [Гулрухбегим Тоҳиржонова] АҚШнинг Миссури университети жамоаси сафида дона суради ва бундан кейин халқаро мусобақаларда Америка Қўшма Штатлари шарафини ҳимоя қилади. Бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман, қизим фуқаролигини ўзгартиргани йўқ. У — Ўзбекистон фуқароси. Фақатгина шахмат бўйича мусобақаларда Қўшма Штатлар номидан қатнашади», — деган эди у.

Алишер Мўминов ва қизлари
Фото: Telegram / @Nazlobudnya_AU

Декабр ойи охирида блогер Азиза Умарова АҚШ шахмат федерацияси аъзосига айланган Гулрухбегим Тоҳиржонова борасидаги хабарлардан кейин опа-сингил гроссмейстерлар ҳақида фикрларини билдирди.

У опа-сингиллар – Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонова ва Гулрухбегим Тоҳиржонова тарихига тўхталиб, постини шундай сўзлар билан якунлаган: «Бизда бу каби иқтидорли қизларни қадрламасликларидан афсусдаман. Бироқ бу ажойиб шахматчилар қачонлардир Қўқондаги оддий ўзбек оиласида туғилганидан чексиз фахрдаман. Улар қаерда совринли ўринларни эгалламасин, ўзбек бўлиб қолади. Қолгани — спорт функционерларининг айби. Ота эса — тилла одам. Биз сизлар билан фахрланамиз, қизлар! Сиз миллатимиз ғурурисиз».

Ўзбекистон шахмат федерацияси гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова атрофидаги хабарлар бўйича расмий баёнот берди.

Баёнотда ОАВда эълон қилинган мақолалар бир томонлама ёритилгани айтилган. Шунингдек, унда терма жамоадан чиқиб кетиш фикри спортчининг ўзига тегишли экани ва бунда бошқаларни айбдор қилиш мумкин эмаслиги таъкидланади.

Федерация муносабати шахматчиларда яна қатор эътирозларни уйғотган. Опа-сингилларнинг ўртанчаси Ҳулкар Тоҳиржонова Kun.uz билан суҳбатда федерация баёнотидаги фикрларга жавоб қайтарди.

Федерация Гулрухбегим Тоҳиржонованинг терма жамоа сафидан чиқарилишини унинг 2019 йилда АҚШга ўқишга кетгани билан изоҳлаганди. Опаси эса ўқишга кетиш спортчини терма жамоадан четлатиш учун сабаб бўлолмаслигини айтиб ўтди.

«Унинг таркибдан чиқарилгани бўйича ҳам бизга ҳеч ким маълум қилмади. Шунчаки чиқариб юборишди. Биз буни ҳар ой тушиб турадиган 500 минг сўмлик овқат пули тушмай қолганидан билдик. Биз ҳам федерациядан тушунтириш сўраганимиз йўқ.

Биласизми, бу биринчи сафар бўлаётган ҳолат эмас. Аввалроқ опам Нафисани ҳам сафдан чиқариб юборишган. Бу қачон бўлгани эсимда йўқ. Опам ҳаммадан юқори рейтинги билан ҳам терма жамоадан чиқариб юборилганди. Бу ҳақида ҳам ҳеч ким бизга хабар қилмаганди ва опам қайта тикланмади.

Ундан кейин опам терма жамоада ўйнамоқчи бўлганида олий лигада ўйнайсан, йўқса терма жамоага қўймаймиз дейишган. Опам ўйнамаган. Чунки олий лигадаги қизлардан опамнинг даражаси анча фарқ қилар эди. Гроссмейстер терма жамоага саралашсиз олиниши керак», дея таъкидлади у.

Ҳулкар Тоҳиржоновага кўра, юзага келган зиддиятнинг баъзилари федерация вице-президенти Ҳусан Турдиалиевнинг қизи ҳам шахматчи бўлгани билан бевосита боғлиқ.

«Бизнинг муаммо 2000-йиллардан бошланган. Чунки биз у билан (Ҳусан Турдиалиевнинг қизи Тахмина назарда тутилмоқда – таҳр.) бир хил ёш категориясида ўйнаганмиз. Биз уни доим ютар эдик ва ҳеч қачон келишув билан ютқазиб бермаганмиз. Кимлардир унга очко бергандир, лекин биз бермаганмиз. Барчаси шундан бошланган.

Бир сафар Осиё чемпионатига 10 ёшгача қизлар бориши керак бўлган ҳамда бунинг учун иккаламизнинг номзодимиз кўрсатилган. Бошқалар Ҳулкар бориши керак деганда, у киши (Ҳусан Турдиалиев назарда тутилмоқда) буни рад этган.

Хуллас, чемпионатга юборилган Тахмина Турдиалиева адашмасам, ҳамма партияларни ютқазиб қайтганди.

Адаштирмаслик учун, биз бу ерда Тахминанинг яхши ёки ёмон қизлигини муҳокама қилмаяпмиз, фақатгина отаси унинг орқасидан қилган ишларини муҳокама қилмоқдамиз. У қизда ҳам айб йўқ, умуман олганда, ҳаммасини отаси қилган», деди Ҳулкар Тоҳиржонова. 

Шахматчи суҳбат давомида опаси ҳар бир ўйин учун катта миқдорда маблағ олгани ҳақидаги гапларга ҳам тўхталди.

«Шундай деб ёзишибди, лекин мусобақаларда ҳар бир ўринга белгиланган маълум бир сумма бор. Опам менга уларнинг ҳаммасини йиғганда ҳам 7-8 минг доллар атрофида олганини айтган.

Рейтинг бўйича ҳам у ерда дунёнинг энг кучли шахматчилари қатнашган. Гран-прига кираётганда ҳам рейтинги энг пасти опам эди. Лекин ёш шахматчи бўлишига қарамасдан, ўйнаб ёмон натижа кўрсатмади.

Мусобақага тайёргарлик учун мураббийларнинг ўзига 7-8 минг доллардан кўп пул кетган. Чунки ўша вақтда бир соатлик машғулот учун мураббийларга 100 доллардан пул тўлаганмиз.

Яхши шахматчи бу каби мусобақаларга тайёргарлик кўриши учун бир ҳафтада ҳеч бўлмаганда 6-8 соат машғулот олиб бориши керак. Бундан ташқари, бошқа мураббийлар билан ҳам ишланади. Фақат бир мураббий билан ишлаб бўлмайди. Хуллас, спортчининг ўз ҳолатини сақлаши ва бошқа харажатлар учун ҳам яхшигина пул кетади.

Федерация ёзаётган сумма опам борган мусобақа тайёргарлигига кетадиган пулларнинг ярмини ҳам қопламайди. Бизни молиявий жиҳатдан ҳар доим дадамиз қўллаб-қувватлаб келган, шунинг учун ҳеч қачон пулга муҳтож бўлмаганмиз.

Биз ҳеч қачон уларнинг олдига (федерация вакиллари назарда тутилмоқда) кечирим сўраб бормаганмиз. Улар ёлғон баёнот беришмоқда. Умуман, нега кечирим сўраймиз? Отамнинг қизлари номидан расмий муносабат билдиришга ҳаққи бор. Чунки у киши бизнинг расмий мураббийимиз, менежер ва ҳомийимиз ҳам», дейди Тоҳиржонова.

У шахмат федерацияси берган баёнот кўплаб ёлғонлардан иборатлигини таъкидлаган.

«Улардан яна бири – отам федерация олдига шарт қўйиши ҳақидаги гап. Чунки отам уларнинг олдига 3 нафар қизи ҳам чемпионатда иштирок этиши бўйича ҳеч қандай талаб қўймаган. Дадам федерация вакилларига бор гапни айтган. Ўша пайтда опамнинг рейтинги баланд бўлгани учун терма жамоага сараланган.

Федерация бир нечта расмий турнирларни келтириб, унга биз пул тўлаб бердик, деяпти. Хўш, расмий турнирларга ким пул тўлаши керак? Спортчими? Жаҳон чемпионати, Осиё чемпионати, шахмат олимпиадасига ҳам ўз ҳисобимиздан борайликми? Расмий турнирлар бўлганидан кейин, албатта, федерация молиялаштиради-да.

Биз шундан кейин ҳам жуда кўп турнирларда иштирок этдик ва уларнинг барчасига отам ўз ҳисобидан пул тўлаб келди. Чунки ҳар йили 8-10тагача турнирда қатнашишимиз керак. Ҳар бир турнирда қатнашиш учун эса камида 2000 доллардан, баъзида ундан анча юқори сумма ҳам керак бўлади.

Федерациянинг бизга муносабатини қуйидаги мисолларда кўрсатиш мумкин: Опам (Нафиса Мўминова назарда тутилмоқда) 2012 йилда гроссмейстер эди. Жаҳон Гран-присидаги иштирокидан кейин унга 15-20 минг сўмлик медал беришганди. Бошқа бирор моддий нарса берилмаган.

2018 йилда Гулрухбегим «Йилнинг энг яхши ёш шахматчиси» бўлганда ҳам 300 минг сўмгина пул олган. Бошқа ҳеч нарса. У ўшанда 16 ёшида гроссмейстерлик талабларини бажарган эди», дейди Ҳулкар Тоҳиржонова.

Мавзуга оид