Спорт | 17:49 / 31.01.2022
56815
3 дақиқада ўқилади

“Кетишимга Турдиалиев сабабчи бўлган” — АҚШ шарафини ҳимоя қилаётган Гулрухбегим Тоҳиржонова

Ўзбекистонлик халқаро гроссмейстер Гулрухбегим Тоҳиржонова фаолиятини АҚШда давом эттиришига Ўзбекистон шахмат федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев сабаб бўлганини маълум қилди.

Фото: Видеодан кадр

“Охирги пайтлар Шахмат федерациясида бўлаётган ишлар ҳақида журналистлар саволлар юборишди ва ҳаммага бирданига жавоб бермоқчиман. Улар “Кетишингизга ҳақиқатан Турдиалиев сабаб бўлганми?” деб сўрашяпти. Ҳақиқатан, кетишимга Турдиалиев сабаб бўлган”, деди Гулрухбегим видеомурожаат тарзидаги жавобида.

Гулрухбегим Тоҳиржонова 2020 йилнинг охирида АҚШнинг Миссури университети жамоасига қўшилган ва айни пайтда халқаро мусобақаларда АҚШ шарафини ҳимоя қилиб келади.

Халқаро гроссмейстернинг айтишича, Ўзбекистон шахмат федерацияси у ва опалари (Нафиса Мўминова, Ҳулкар Тоҳиржонова)га халқаро турнирларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш имконини бермаган.

“Шу сабаб Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиш имконимиз бўлмаган. Бундан ташқари, 15 йил давомида федерация томонидан ҳеч қандай молиявий ёрдам, кўллаб-қувватлов бўлмаган. Бунга ўхшаш вазиятлар кўп, улар ҳақида гапириб ўтирмайман”, – дейди Гулрухбегим Тохиржонова.

Спортчи “Ўзбекистонга қайтиб келасизми?” деган саволга ҳам жавоб берди.

“Шахмат федерациясига янги раҳбар – Азиз Абдуҳакимов келгандан сўнг жуда яхши ўзгаришлар бўлди. У яхши совғалар билан мусобақалар ташкил қилди. Ўзбекистон шахматига бўлган қизиқиш, муносабат ўзгаряпти. Буларни кўриб хурсанд бўляпман.

Албатта, мен ҳам федерацияда ўзгаришлар бўлса, Ўзбекистонга қайтишим мумкин. Мен Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишдан хурсанд бўламан. Бироқ ҳозирги шароитда ўсишим учун бошқа давлатга кетишим керак деган қарорга келгандим. Агар федерацияда ўзгаришлар бўлса, мен, албатта, Ўзбекистонга бориб юртим шарафини ҳимоя қиламан”, – дейди Гулрух Тоҳиржонова.

Аввалроқ, Kun.uz суриштирувида Шахмат федерацияси балансидаги “Малибу” автомашинаси бозор баҳосидан қарийб 3 баробар арзонроқ – 53 млн сўмга сотилгани, уни сотиб олган МЧЖ директори – федерация раисининг биринчи ўринбосари Ҳусан Турдиалиев экани, федерациядан мазкур МЧЖга ўтказиб берилган 1 млрд сўмдан ошиқ маблағ 6 нафар жисмоний шахснинг пластигига (!) тушириб берилгани маълум бўлганди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бюджетдан Шахмат федерациясига ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфлангани ва эҳтимолий коррупция ҳолатларни текширмоқда.

Мавзуга оид